Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорга таянч, ишбилармонга кўмак
2050
Фарғона вилояти божхона бошқармаси томонидан вилоят ҳудудида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларнинг иш фаолиятини ўрганиш ва улардаги муаммоларни бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳ фаолияти самарали давом этмоқда.
Тадбиркорга таянч, ишбилармонга кўмак

Яқинда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари М.Клычев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ аъзолари бир қатор корхоналарда бўлиб, тадбиркорларни ўйлантираётган муаммо ва таклифларга қулоқ тутишди.

Жумладан, Фарғона шаҳрида жойлашган “STA-PLAST” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб ўтган учрашув ҳам ҳар жиҳатдан самарали бўлиб ўтди.

1998 йил ташкил этилган мазкур корхонадан 200 нафар ишчилар меҳнат қилмоқда. Бу ерда пластмассадан ишлаб чиқарилаётган хўжалик моллари ва болалар ўйинчоқлари нафақат ички бозорга етказилмоқда, балки Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонга экспорт ҳам қилинмоқда.

Корхонанинг ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш, товарлар экспортини оширишга қаратилган режалар муҳокама қилинар экан, бу борада божхона соҳасидаги мавжуд енгилликлар ва имтиёзлар ҳақида корхона эгаларига кенг ахборотлар берилди.

Полетилен гранулалар ва полипропилен маҳсулотлари корхона фаолиятини юритишда асосий хом ашё ҳисобланади. Аммо, бу турдаги товарларнинг биржа савдолари орқали сотиб олинишида айрим муаммолар кўзга ташланмоқда. Хусусан, пластмасса маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун ихтисослашмаган иштирокчилар томонидан биржа савдоларида полетилен гранулалар ва полипропилен маҳсулотларнинг улгуржи сотиб олиниб, кейинчалик улар томонидан қимматроқ нархларда сотилаётганлиги шулар жумласидандир. Учрашувда бу борада тадбиркорга яқиндан кўмак бериш бўйича тегишли чоралар белгилаб олинди.

2011 йилда ташкил этилган “ZIYO BOQIY BARAKA” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб ўтган учрашувда ҳам кўплаб масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Чой қадоқлаш ва трикотаж маҳсулотлар тикишга ихтисослашган ушбу корхонада келгуси ойдан бошлаб, пойафзал таглигини қуйиш режалаштирилган. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлар Россия ва Қирғизистонга экспорт қилинмоқда.

Учрашувда хориждан келтирилаётган чойни импорт қилиш жараёнида божхона расмийлаштирувида зарар бўладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашдаги муаммолар атрофлича таҳлил қилинди. Масалан, ҳозирда чой импортида қўлланилаётган божхона қиймати 2010 йилдаги нархларга асосланган бўлиб, 1 кг учун 2.1 АҚШ долларини ташкил қилади. Ваҳоланки, айни кунлардаги реал нарх эса бир мунча паст, яъни 1,27-1.3 АҚШ долларини ташкил қилмоқда. Бу масалада корхона вакилларига божхона қийматини аниқлаш қоидалари тушунтирилиб, божхона қийматини аниқлашнинг 4-усули ёрдамида чой маҳсулотларининг нархини аниқлаш юзасидан тушунтиришлар берилди. Бу борада ишларни тўғри ташкил қилиш учун “Марғилон” ТИФ божхона постига ҳам алоҳида кўрсатмалар берилди.

Марғилон шаҳридаги “Ёдгорлик” масъулияти чекланган жамиятига уюштирилган сайёр учрашувда ҳунармандларимизга учун жорий қилинаётган енгилликлар ва қулайликлар ҳақида ахборотлар берилди.

“Ёдгорлик” масъулияти чекланган жамиятида миллийлигимизни акс эттирувчи адрас, атлас, ипак маҳсулотлари ва гиламлар миллий усулда қўл меҳнати асосида ишлаб чиқарилади. Корхонада маҳсулотлар асосан буюртма асосида ишлаб чиқарилади ва дунёнинг кўплаб давлатларига экспорт қилади.

Учрашувларда иштирокчиларга божхона органлари туну-кун иш режимида ишлаётганлиги, экспортни ривожлантиришда тадбиркорларга доимий кўмаклашувчи ташкилот эканлиги ҳамда хар қандай масалаларни қонуний ҳал этишда кўмакдош эканлиги яна бир бор таъкидланди. Хар бир масала юзасидан божхона бошқармаси раҳбарияти ва тегишли бўлимларига мурожаат қилишлари мумкинлиги, тез фурсатларда тегишли амалий ёрдам кўрсатилиши билдирилди. Шу билан бирга, қоидабузарликлар гувоҳи бўлганларга Давлат божхона қўмитасининг қисқа рақамли 11-08 ишонч телефони эслатиб ўтилиб, маълумот берган шахснинг сир тутилиши кафолатланиши алоҳида таъкидланди.

Фарғона вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати

26.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг