Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупция-тараққиёт кушандаси
2039
Давлат божхона хизмати органлари томонидан алоҳида дастур асосида мутасадди идоралар билан ҳамкорликда божхона органлари ходимлари ўртасида коррупция ва бошқа ножўя хатти-ҳаракатларни содир этилишини олдини олиш, ўтказилаётган профилактик тадбирлар самарадорлиги ҳамда ходимларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.
Коррупция-тараққиёт кушандаси

Жумладан, Тошкент вилояти божхона бошқармасида адлия бошқармаси билан ҳамкорликда “Коррупция-тараққиёт кушандаси: унга қарши курашишда кенг жамоатчилик, ҳар бир фуқаронинг иштироки зарур” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда бошқарма шахсий таркиби, Тошкент вилояти ҳудудида фаолият олиб борувчи ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари иштирок қилишди.

Тадбирда сўзга чиққан Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи О.Чориев, Тошкент вилояти адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Бўриев, мазкур бошқарманинг  Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи А.Шарафуддинов ва бошқалар коррупцияга қарши курашиш, энг аввало, мамлакатимизда жадал суръатларда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар шароитида инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишнинг муҳим воситаларидан бири эканлигини таъкидлашди.

Тадбирда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш” тўғрисидаги ПФ-5618-сон Фармонининг мазмун моҳиятига, хусусан мазкур фармон билан тасдиқланган “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси” ва “Йўл харитаси”даги ўзига хос жиҳатларга қаратилди.

Эндиликда ҳуқуқий тарғибот ишлари “Шахс – оила – маҳалла - таълим муассасаси – ташкилот - жамият” принципи асосида амалга оширилиши, болалар учун махсус ҳуқуқий портал ишга туширилиши,  “Ҳуқуқий ахборот кунлари” ташкил этилишидан тортиб, “Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилишига доир янгиликлар давра суҳбати иштирокчиларида қизиқиш уйғотди. Келгусида “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот тизимининг яратилиши аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳат беришда муҳим рол ўйнайди.

Тадбирда божхона органларида коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам алоҳида муҳокама қилинди.

Мазкур мавзуда сўзга чиқар экан, Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Ўз хавфсизлик гуруҳи ходими Ш.Тўраев тадбиркорларга божхона назорати жараёнида божхона ходимлари томонидан моддий манфаатларни кўзлаган ҳолда божхона расмийлаштируви жараёнини сунъий чўзиш, божхона ходимлари томонидан қўпол муомалада бўлиш ёки бошқа ноқонуний ҳолатлар содир этилса, зудлик билан бошқарманинг “ишонч телефони”га ёки шахсий рақамларига куннинг исталган пайтида қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтди.

Тадбир давомида божхоначилар ҳам, тадбиркорлар ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Тошкент вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

26.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг