Юртимизда бу иллатнинг олдини олиш, тамагирлик, порахўрлик ва мансаб ваколати доирасидан четга чиқишлик каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик, ноқонуний даромад топиш ҳаракатларнинг охири яхшиликка олиб бормаслиги ҳақида огоҳлантиришимиз лозим.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида божхона органларида коррупция ва бошқа салбий ҳолатларга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Вилоят божхона бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия Вазирлиги бўлим бошлиғи А.Утеулиев, Нукус шаҳридаги Ал-Беруний номидаги ислом билим юрти ўқитувчиси С.Ражапов, бошқарма шахсий таркиби, ёш ходимларнинг ота-оналари иштирок этди.
Тадбирни очар экан, бошқарма бошлиғи ўринбосари Н.Османов сўнгги вақтларда Республика ҳудудида юз бераётган ҳодисалар, коррупцияга қарши курашиш борасида миллий қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар, олиб борилаётган профилактик тадбирлар ҳамда божхона ходимларига яратилаётган шароит ва имтиёзларга батафсил тўхталиб ўтди.
Шунингдек, божхона ходимлари ўртасида хизмат вазифасини суистеъмол қилмаслик, тамагирлик, порахўрлик каби иллатларга йўл қўймаслик, уларни олдини олиш, одоб-ахлоқ қоидаларини бузмаслик, шунингдек ҳар бир ходим томонидан хизмат интизомига қатъий риоя қилинишида ота-оналар ва ходимларнинг яқин қариндошларини ўрни беқиёслиги айтиб ўтилди.
Нукус шаҳридаги Ал-Беруний номидаги ислом билим юрти ўқитувчиси С.Ражапов сўзга чиқиб, ҳалоллик, поклик ва шу каби бошқа хайрли амалларга ислом динида берилган таърифлар тўғрисида ўз фикрларини билдириб, муқаддас китобларда келтирилган ривоятларни йиғилиш иштирокчилари эътиборига етказди.
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи А.Утеулиев эса “Коррупцияга қарши курашиш” тўғрисидаги қонунчилик юзасидан кенг тушунчалар бериб, тарбиявий аҳамиятга эга мазмунли мушоҳадаларни гапириб ўтди.
Йиғилиш сўнгида бошқарма бошлиғи ўринбосари Н.Османов, ҳозирги кунда божхона ходимлари учун яратилган шароитлар ва давлат томонидан белгиланган имтиёзларга алоҳида тўхталиб, ушбу имкониятларнинг қадрига етиш лозимлигини таъкидлади.
25.02.2019