Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Н.Отажонов раҳбарлигидаги ҳудудларда экспортни ривожлантириш ишчи гуруҳи вакиллари, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Т.Саидов, Давлат божхона қўмитаси Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси бош инспектори Ш.Мирзаев ҳамда “Бир дарча маркази” мутасаддилари тадбиркорлар билан ташқи бозорларга маҳаллий маҳсулотлар экспортини кўпайтириш ва товарларни экспорт қилишда яратилаётган қулайликлар мавзусида давра суҳбати ўтказдилар.
Учрашувда, Президентимизнинг 2018 йил 17 октябрда қабул қилинган “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3978-сонли қарорига мувофиқ эндиликда барча юридик шахслар мева-сабзавот маҳсулотларини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириш имкониятига эга бўлганлиги, аммо мева-сабзавот маҳсулотлари экспортидан тушумларни ўз вақтида таъминламасалар, уларга нисбатан кейинги экспорт фаолиятида 100 фоизлик олдиндан тўлов олиш талаблари қўлланилиши тўғрисида маълумот берилди.
Давра суҳбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5495-сонли фармонига асосан 2018 йилнинг 1 август кунидан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамиятининг расмий веб-сайтида қайд этилган нархлардан паст бўлмаган нархларда экспорт қилиш тартиби бекор қилинганлиги айтилди.
Лекин, ҳозирги кунда экспортёр ташкилотлар томонидан ушбу имкониятнинг ҳар хил талқин қилиниши оқибатида қишлоқ хўжалиги махсулотларини аввал экспорт қилиниб келинган нархлардан анча паст нархларда кўрсатиш ҳолатлари кўпаймоқда. Шундан келиб чиқиб, тадбиркорларга мева-сабзавот маҳсулотларини ички бозор нархидан кам бўлмаган нархларда экспорт қилиш зарурлиги, ана шунда соғлом рақобат ҳамда ҳалол тадбиркорлик ривожланиши таъкидланди.
Шунингдек учрашув сўнгида, Республикамизнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга ўз ҳиссаларини қўшаётган тадбиркорларимизга Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ўз ваколат доирасида барча амалий ёрдамларни беришга ҳамда товарлар экспорти божхона расмийлаштирувини туну-кун амалга оширишга тайёрлиги билдирилди. Тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан батафсил жавоб олдилар.
25.02.2019