Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Инвестицион лойиҳалар божхоначилар эътиборида
3059
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 21 июлдаги “Навоийазот” АЖ негизида аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш комплекси қурилиши” инвестицион лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2372-сонли қарорига мувофиқ Япониянинг “Mitsubishi Heavy Industries, Ltd” ва “Mitsubishi Corporation” компаниялари билан қиймати 897,0 млн. АҚШ долларига тенг шартнома имзоланган бўлиб, ҳозирги кунда лойиҳа қурилиши ўзининг қизғин палласига кирган.
Инвестицион лойиҳалар божхоначилар эътиборида

Мазкур йирик инвестицион лойиҳа амалга оширилиши натижасида йилига 660 минг тонна аммиак ва 577,5 минг тонна карбамид ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши билан биргаликда янги иш ўринлари яратилади.

Бугунги кунга қадар лойиҳа доирасида 139,5 млн. АҚШ долларига тенг бўлган асбоб-ускуналар ва қурилиш материаллари олиб келиниб, божхона расмийлаштируви қисқа фурсатларда тезкорлик билан амалга оширилиб келинмоқда.

Ушбу лойиҳа доирасида олиб кирилаётган товарларнинг божхона расмийлаштирувини тезкорлик билан амалга ошириш ва уларга яқиндан амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида, Навоий вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан бевосита жойларга чиқиб учрашувлар ўтказилмоқда.

Хусусан, учрашув жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5414-сон Фармони билан жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб божхона иши соҳасига оид бир қатор рухсат бериш тартиб тамоилларининг бекор қилинганлиги, 1 сентябрга қадар божхона назоратини танлов асосида ўтказишни назарда тутувчи хавфни бошқариш тизими автоматлаштирилган тизими жорий этилиши ҳамда тадбиркорлик субъектларига яратилган бир қатор қулайликлар яна бир бор тушунтириб ўтилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3818-сонли қарорининг мазмун-моҳияти ҳамда ушбу қарор билан жорий этилаётган бошқа бир қатор янги тартиботлар учрашув иштирокчиларига етказилди.

Жумладан, мазкур қарор билан жорий йилнинг 1 сентябрига қадар “Интеграциялашган тариф” интерактив хизмати жорий этилиши, мазкур хизмат орқали Давлат божхона қўмитасининг веб-сайтида товарларнинг божхона чегараси орқали ҳаракати режимини тартибга солувчи барча норматив ҳужжатлар, ҳар бир товарга мос равишда божхона божлари ставкалари, ушбу ҳужжатларни берувчи органлар тўғрисидаги батафсил ахборотни, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун бошқа маълумотларни реал вақт режимида бепул асосда олиш имкони яратилиши кўзда тутилган бўлиб, ушбу интерактив хизмат бундан буён ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг асосий кундалик қўлланмаси бўлиб хизмат қилади.

О.Ибрахимов

Навоий вилояти

божхона бошқармаси

бўлим бошлиғи

12.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг