Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхонада сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди
2585
Самарқанд вилоят божхона бошқармасида Самарқанд вилоят маъмурий суди томонидан вилоят маъмурий суди судьялари С.Юсупов ва Р.Очиловлар раислигида сайёр суд мажлиси ўтказилди.
Божхонада сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди

Унда Самарқанд вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Ахлимирзаев, соҳавий бўлим ва гуруҳ бошлиқлари ҳамда ташқи иқтисодий  фаолият божхона постлари ходимлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят Кенгаши вакиллари, вилоятда фаолият кўрсатаётган божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар иштирок этди.

Суд мажлисида асосан “Самарқанд аэропорт” чегара божхона постида аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар томонидан “Самарқанд” ва “Улуғбек” ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида расмийлаштирилган божхона юк декларацияларни тўлдиришда аниқланган божхона қонун ҳужжатлари бузилиши билан боғлиқ 20 га яқин маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 245-моддасига асосан сайёр суд мажлисида мазмунан кўриб чиқилди.

Дастлаб, судья С.Юсупов иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига қилган Мурожаатномасида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда маъмурий ишларни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилиши ва бу билан фуқароларга қулайликлар яратиш ҳамда энг асосийси жазолаш эмас, тарбиялаш мақсадида мазкур сайёр суд ташкил этилганлиги тўғрисида гапириб ўтди.

Шундан сўнг, Самарқанд вилоят божхона бошқармаси томонидан бир гуруҳ шахсларга нисбатан юритилган маъмурий иш ҳужжатлари атрофлича кўриб чиқилди. Ҳуқуқбузарларга амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилди ва уларга нисбатан тегишли жазо чоралари тайинланган ҳолда қарорлар қабул қилинди.

Хусусан, “Самарқанд” халқаро аэропорти орқали Россия Федерациясидан учиб келган фуқаро П.Ф. нинг ахборот ташувчи воситасидан аниқланган зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи ҳамда бехаё мазмундаги видеофайлларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришга ўринганлиги ҳолати бўйича юритилган маъмурий иш кўрилиб, П.Ф. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-моддаси билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 516720 сўм жарима жазоси тайинланди.

Шунингдек, “Akbar Express Service” МЧЖнинг божхона расмийлаштирув бўйича мутахассиси С.Н. томонидан божхона юк декларациясини тўлдиришда йўл қўйган хатолиги туфайли божхона тўловлари кам ҳисобланганлик ҳолати юзасидан юритилган маъмурий иш кўрилиб, фуқаро Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 22725-моддаси билан айбли деб топилиб, суд томонидан С.Н.га нисбатан 861200 сум жарима жазоси тайинланди.

Самарқанд вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Ахлимирзаев мазкур учрашувнинг аҳамиятига тўхталиб ўтар экан, бошқарма томонидан ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, уларни барвақт аниқлаш борасида бир қатор профилактик тадбирлар ўтказилаётган бўлишига қарамасдан айрим фуқаролар томонидан божхона қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйилаётганини айтиб ўтди.

Сайёр суд сўнггида Самарқанд вилоят маъмурий суди судьяси Р.Очилов аҳолининг ҳуқуқий онгини янада ошириш юзасидан тушунтиришлар бериб ўтди.

Исомиддин Турапов,

Самарқанд вилояти

божхона бошқармаси

катта суриштирувчиси

12.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг