Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспорт – иқтисодиёт таянчи
1870
Бугунги кунда экспортёрларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, экспорт тартиб-таомилларини тубдан соддалаштириш орқали мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзавот ва саноат маҳсулотлари рақабатбардошлигини ошириш мақсадида тизимли равишда ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бу борада Навоий вилоятидага ҳам бир қатор ишлар бажарилмоқда. Навоийнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида вилоят, туман, шаҳар ишчи гуруҳлари ташкил этилган. Айни кунларда вилоят ишчи гуруҳлари томонидан бевосита жойларга чиқиб ҳудудларда экспорт бўйича ишлар қай даражада ташкил этилганлиги таҳлил қилиниб, тегишли мутасадди ташкилот вакиллари ва экспортёр корхоналар иштирокида учрашувлар ўтказилмоқда. Бундай учрашувларнинг навбатдагиси Нурота туман ҳокимлигида ташкил этилди.

Шу ўринда Нурота туманининг экспорт кўрсаткичларига қисқача тўхталиб ўтсак. Туманда 2018 йил давомида жами 5,37 млн. АҚШ долларига тенг маҳсулотлар экспорт қилинган бўлиб, экспорт режаси 81 фоизга бажарилган. Бунда мева-сабзавот маҳсулотлари учун белгиланган экспорт режаси 62 фоизга, саноат маҳсулотлари экспорт режаси эса 527 фоизга бажарилган.

Ўтган йилда Нуротада рўйхатдан ўтган тадбиркорлар томонидан жами 19 та мамлакатларга мева-сабзавотлар экспорт қилинган.

Бунда экспортнинг асосий улуши Въетнам, Покистон, Эрон каби давлатлар ҳиссасига тўғри келган.

Учрашув давомида туман экспорти ҳажми ва географияси ошириш, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат яратиш бўйича вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Б.Қутлимуратов томонидан экспортёрларга тавсиялар берилди. Бундан ташқари, тадбиркорларга божхонада яратилаётган қулайликлар ва берилаётган имтиёзлар бўйича фикр юритилиб, эндиликда мева-сабзавот маҳсулотлари экспортида божхона қонунучилиги бузилиши бўйича асосли гумонлар мавжуд бўлмаган тақдирда божхона кўриги ўтказилмаслиги, бундай турдаги маҳсулотлар юридик шахслар томонидан экспорт қилинганда эса олдиндан тўлов талаб этилмаслиги яна бир бор таъкидлаб ўтилди.

Учрашув сўнгида тадбиркорлар томонидан берилган саволларга соҳа мутахассислари томонидан жавоб берилди. Шу билан биргаликда, туман ишчи гуруҳ штаби фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида, ҳар бир мутасадди ходимга аниқ вазифалар белгиланди.

Албатта, бу каби учрашувлар ватанимизнинг экспорт салоҳиятини яхшилашда ўзининг ижобий самарасини беради.

15.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг