Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Нукусда янги қарор тарғиботи
3460
Сўнгги йилларда мамлакатимиз томонидан халқаро иқтисодий ҳамжамиятга интеграциялашиш, ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш билан бирга, тадбиркорлик субъектларини ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишида янада қулай шарт-шароитлар яратиш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Нукусда янги қарор тарғиботи

Ушбу амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аввало, юртимизни янада ривожлантириш қолаверса, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат ҳисобланади.

Бу борада янгиликларни ўз вақтида кенг жамоатчиликка етказиш хусусан ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) қатнашчиларини ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси раҳбарияти ташаббуси билан бир қатор амалий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.

Шу каби амалий тадбирлардан яна бири “Нукус” ТИФ божхона постида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари билан ўтказилди. Бу галги очиқ мулоқотда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари И.Казаков иштирок этиб, унда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 29 июнь куни қабул қилинган  “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3818-сонли Қарори асосида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун имтиёзлар борасида ўз фикр мулоҳазаларини билдириб очиқ мулоқотда қатнашди.

Тадбир қатнашчиларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил 29 июнь куни қабул қилинган қарор асосида тушунчалар бериб ўтилди.

Жумладан, қарор талаблари асосида 2018 йил 1 сентябрдан:

  • чегара божхона постларида божхона органлари томонидан божхона назорати ўтказилганда ветеринар, фитосанитар, экологик ва санитар-эпидемиологик назорат ҳам амалга оширилиши;
  • иқтисодий хамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо давлатларнинг аккредитациядан ўтган органлари томонидан мувофиқлик сертификатлари берилган ва Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган товарларга нисбатан мажбурий мувофиқлик сертификатлаштиришни амалга ошириш талаб этилмаслиги;
  • товарларнинг “эркин муомалага чиқариш (импорт)” режимига божхона расмийлаштируви учун товарларни давлат тилида мажбурий маркировка қилиш талаб этилмаслиги;
  • “божхона омбори” режимида олти ойдан кўп бўлган товарларнинг божхона расмийлаштирувида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан божхона тўловлари юзасидан тақдим этилган имтиёзлар қўлланилмаслиги йиғилиш қатнашчилари эътиборига етказилди.

Тадбир сўнгида, тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятларида учраётган муаммоли масалалар ва таклифларни эркин баён қилиб, улар бўйича тегишли жавоблар олдилар.

В.Матёкубов

“Нукус” ТИФ божхона пости бошлиғи

11.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг