Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Янгийўл туманида экспорт масалалари муҳокама қилинди
1923
Янгийўл туманида Давлат божхона қўмитаси томонидан тадбиркорлар иштирокида 2019 йил учун товарлар ва хизматлар экспорт прогноз кўрсаткичларини сўзсиз бажаришда экспортёр корхоналарнинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган учрашув ташкил қилинди.
Янгийўл туманида экспорт масалалари муҳокама қилинди

Унда асосий эътибор жорий йилнинг 6 февраль куни Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган 2019 йил учун экспорт прогноз кўрсаткичларини сўзсиз бажариш ва импортни оптималлаштиришга қаратилган видеоселекторда кўтарилган масалалар ва  билдирилган танқидий фикрларга қаратилди.

Бу борада эришилган натижалар кўлами йилдан йилга ўсиб бормоқда. Масалан, 2018 йилда 2 мингдан ортиқ янги корхоналар экспортга жалб қилинган.  Лекин, мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдланиляпти дейишга ҳали эрта. Масалан, ҳудудларда ишлар тўғри ташкил этилмаганлиги натижасида 2018 йил бўйича экспорт кўрсаткичлари 88 фоизга, хусусан мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти атиги 63 фоизга бажарилган.

Бу борадаги ишларни самарали амалга ошириш давлат божхона хизмати органларининг зиммасига ҳам улкан маъсулият ва муҳим вазифаларни юклайди.

Шу мақсадда Давлат божхона қўмитаси Раҳбарияти 2019 йилнинг 9 февралидан бошлаб, 12 мартга қадар тасдиқланган график асосида республикамизнинг барча ҳудудларида тадбиркорлар билан юзма-юз учрашиб, уларни қийнаётган муаммоларни жойида бартараф этишга киришишди.

Янгийўл туманида бўлиб ўтган учрашув ҳам очиқ ва конструктив руҳда бўлиб ўтди. Бу ерда фақатгина божхонага доир масалалар эмас, балки бошқа вазирлик ва идоралар фаолиятига боғлиқ бўлган масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Очиғини айтиш керак, аслида бу каби учрашувларда тадбиркорлар давлат органларига дардини очади, чунки улар мавжуд вазиятга ташқаридан туриб эмас, балки унинг ичидан туриб, муаммоларни ўзларида ҳис қилиб, холис баҳо берадилар.

Экспорт-импорт жараёнларини амалга оширишда божхона тартиботларини янада соддалаштириш бўйича муҳим янгиланишлар ва қулайликлар жорий қилинди.

Шунга қарамай, айрим экспортёрлар томонидан қонунбузилиш ҳолатлари содир этилаётгани йиғилишда танқидий муҳокама қилинди. Масалан, Афғонистонга қизил ловия экспорт қитлаётган якка тартибдаги тадбиркорлардан бири қопларнинг устини ловия билан тўлдирган ҳолда, уларнинг остига 8 тонна нўхат жойлаб яширинча олиб чиқмоқчи бўлган вақтида тўхтатиб қолинди.

Шунингдек, хорижга экспорт қилинаётган товарларнинг нархини асоссиз равишда тушириш ҳолатлари ҳам мамлакатимизнинг экспорт кўрсаткичларига салбий таъсир ўтказиши мумкин. Масалан, Тошкент вилоятининг Ангрен туманида 3 доллар 20 центдан экспорт қилинган ўғил болалар шими Янгийўлда 2 баробар арзон яъни, 1 доллар 62 центдан экспорт қилинганини қандай изоҳлаш мумкин?

Тадбир давомида Давлат божхона қўмитаси раҳабрияти республиканинг иқтисодий салоҳиятини оширишга ўз ҳиссаларини қўшаётган тадбиркорларга ҳар томонлама амалий ёрдам беришга ҳамда товарлар экспорти божхона расмийлаштирувини туну-кун амалга оширишга тайёр эканликларини маълум килишди.

Ҳусан Тангриев,

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати бош инспектори

14.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг