Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорлар билан мулоқот муаммолар ечимига йўл очади
2591
Дарҳақиқат, “Сайёр қабул” жойларда ўтказиладиган халқ билан мулоқотнинг қулай ва самарали усулига айланиб улгурди. Негаки, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос ижтимоий-иқтисодий муҳити, инфратузилмаси, имконият ва ечимини кутаётган муаммолари мавжуд, аҳолини-қийнаб келаётган, эътибордан четда қолган мушкул масалаларни ўрганиб бартараф этиш давр талабидир.
Тадбиркорлар билан мулоқот муаммолар ечимига йўл очади

Шуларни инобатга олиб Самарқанд вилоят Иқтисодий суди раиси М.Бозоров, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Ахлимирзаев, вилоят Ипак йўли банки ҳуқуқшуноси С.Турсунов, Каттақўрғон туман ҳокимининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари  С.Мингбоев, туман Халқ қабулхонаси мудири З.Абдуллаевлар Каттақўрғон тумани ҳокимлиги биносида фуқаролар учун сайёр қабул ўтказди.

Аҳолининг дардини тинглаш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда божхона соҳасига оид масалаларига ечим топиш мақсадида ташкил этилган учрашувда тумандаги Дўстлик, Мирзо Улуғбек, Чароғон, Ёви, Қорадарё маҳаллаларида яшовчи фуқаролар иштирок этди.

“Сайёр қабул” давомида аҳоли томонидан божхонага оид саволлар ҳам келиб тушди. Саволларга божхона ходимлари амалдаги меъёрий ҳужжатларга мувофиқ жавоб беришди.

Жумладан, хусусий тадбиркор И.Ашуров томонидан чинни товарларни Тожикистон Республикасига экспорт қилиш ҳамда Туркия давлатидан кийим кечаклар импорт қилиш тартиби, “Каттақўрғон чарм” МЧЖ ҚҚ директори Д.Шакаров чет давлатлардан томчилатиб суғориш технологиясини олиб келиб, уни имтиёзли тартибда расмийлаштириш, “Каттақўрғон ТЭК” МЧЖ директори З.Ахмедов эса мева-сабзавот маҳсулотларини ташишга ихтисослашган транспорт воситаларини имтиёзли тартибда расмийлаштириш масалаларида саволлар билан божхоначиларга мурожаат қилишди.

Мазкур саволларга Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Ахлимирзаев ва бошқарманинг Божхона тўловлари бўлими катта инспектори А.Санақуловлар тегишли қарор ва фармонлар асосида жавоб бериб ўтишди.

Шунингдек учрашув давомида туман аҳолиси ва тадбиркорлик субъектларига божхона соҳасига оид янги қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган  имкониятлар тўғрисида ҳам батафсил тушунтиришлар берилди.

Агарда аҳоли ва тадбиркорлар субъектлари томонидан соҳага оид муаммолар ёки қўшимча саволлар бўладиган бўлса вилоят божхона бошқармасининг 66-233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” орқали мурожаат этишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.

13.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг