Мазкур йўналишда Қашқадарё вилоятида 2019 йилда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, вилоятдан иш излаб хорижга кетаётган айрим фуқаролар, уларнинг оила аъзолари ҳамда уюшмаган аҳоли вакиллари орасида тарғибот тадбирлари ўтказиш бўйича вилоят божхона ва ички ишлар бошқармалари, маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Қарши шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ва бандликка кўмаклашиш маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ ташкил қилинган. Ушбу ишчи гуруҳ режага мувофиқ, вилоятдан Қарши халқаро аэропортида, темир йўл вокзалларида ҳамда маҳаллаларда хорижий мамлакатларга чиқиб кетаётган фуқароларга тарғибот тадбирларини ташкил этиб борадилар.
Куни кеча режага мувофиқ ишчи гуруҳ навбатдаги учрашувни Қарши халқаро аэропортида ўтказди ва “Қарши-Москва” йўналиши бўйича ҳаракатланаётган 162 нафар йўловчиларга тушунтиришлар беришди.
Дастлаб, “Қарши аэропорти” чегара божхона пости бошлиғи Х.Мирзаев сўзга чиқиб, йўловчилар ташриф буюраётган давлатларнинг амалдаги қонунларига риоя қилишлари ҳамда диний экстремистик оқим ва террористик ташкилотлар ғояларини тарғиб қилувчи ҳамда порнографик мазмундаги видео лавҳаларни ахборот ташувчи воситалар ва уяли телефон аппаратларига сақламасликлари ҳақида тушунтиришлар берди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Ш.Сатторов мамлакатимизда ёшларга берилаётган эътибор, ёшларни мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонни жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари қаторига кириши жараёнларига жалб қилиш ҳамда ёш авлоднинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаши тўғрисида маълумотлар бериб ўтди.
Учрашув якунида иштирокчилар томонидан йўлланган саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил тушунтиришлар берди.
Ўтказилаётган бу каби учрашувлардан асосий мақсад, ватандошларимиз хорижий мамлакатга бориб йўлдан адашиб қолмасликларини олдини олишга қаратилган.
9.02.2019