Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспорт – барқарор иқтисодиёт гарови
2349
Бугунги кунда мамлакатимизнинг экспорт ҳажми ва географиясини кенгайтириш давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бирига айланди. Шу боисдан ҳам экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш, бу борада тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида бир қатор ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.
Экспорт – барқарор иқтисодиёт гарови

Мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Навоий вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича вилоят, туман ва шаҳар ишчи гуруҳлари ташкил этилди.

Вилоятнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш, экспортёр корхоналар фаолиятида вужудга келаётган муаммоли ҳолатлар ечимида амалий ёрдам кўрсатиш, барча ҳудудларда айниқса мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган туманларда экспорт фаолиятини самарали ташкил этишга кўмаклашиш, маҳсулотларни экспортга чиқаришда сертификатлаш, фитосанитария ва бошқа зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиши ҳамда транспорт-логистика масалаларида кўмаклашиш ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Ишчи гуруҳ фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида, барча гуруҳ аъзолари томонидан бевосита жойларга бориб, экспортёр корхоналар фаолиятини ўрганиш, корхона раҳбарлари билан сайёр учрашувлар ўтказиш тартиби жорий этилди. Бундай сайёр учрашувлардан навбатдагиси Навоий вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан Навоий шаҳридаги “Навоий Корея”қўшма корхонасига қарашли иссиқхонада ташкил этилди.

Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришга ихтисослашган ушбу корхона томонидан 2018 йилда жами 17,6 минг. АҚШ долларлик помидор маҳсулотлари Қозоғистон Республикасига экспорт қилинган. Жорий йилда эса экспорт кўрсаткичларини ошириб, баҳор ойларида 120 тонна помидор маҳсулотларини Қозоғистон ва Россия давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган.

Учрашув давомида корхона вакилига экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида бевосита божхона соҳасида яратилаётган қулайликлар бўйича атрофлича маълумот берилиб, келгусида экспорт фаолияти билан боғлиқ муаммолар вужудга келган тақдирда ушбу масалалар бўйича Ишчи гуруҳларга мурожаат қилиниши мумкинлиги айтиб ўтилди.

Албатта, бу каби Ишчи гуруҳларнинг самарали фаолияти ватанимизнинг экспорт салоҳияти ўсишида ўзининг ижобий самарасини беради.

8.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг