Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси бўлим бошлиғи Р.Камалов, Қорақалпоғистон Республикаси Жиноят ишлари бўйича катта мутахассиси Ф.Ибрагимовлар иштирок этиб, коррупция иллати давлат хавфсизлигига қай даражада таҳдид солаётганлиги, бу жиноятнинг оқибати нима билан якунланиши ҳақида аниқ мисоллар билан келтириб ўтилди.
Тадбирда бошқарманинг Ўз хавфсизлик гуруҳи ходими К.Хайдаров сўзга чиқиб, бу каби йиғилишлар ходимларнинг ҳуқуқий онгини оширишини, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддасига асосан давлат органлари ва бошқа ташкилотлар коррупцияга қарши курашиш мақсадида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш лозимлиги белгиланганлиги, бу борада божхона бошқармаси томонидан қатор ишлар амалга оширилганлигини таъкидлади.
Божхона ходими нафақат давлат манфаатларини ишончли ҳимоя қилиши, балки ўз хатти-ҳаракатлари билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузулишига йўл қўймаслиги лозимлиги, бу эса ўз навбатида божхона ходимидан чуқур билим ва тажрибани ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари талабларини пухта ўзлаштиришни талаб қилиши таъкидланди.
Шунингдек тадбирда божхона органи ходимининг одоб-ахлоқ қоидалари, унинг ҳуқуқий асослари, ходимнинг хизмат бурчи ва жавобгарлиги тўғрисида ҳам тўхталиб ўтилди.
4.02.2019