Бу борада божхона соҳасига оид ҳам бир қатор ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳужжатлар асосида жорий этилаётган янгиликлар, имконият ва қулайликлар кенг жамоатчиликка етказилиб, амалиётга жорий этиш чоралари кўрилмоқда.
Қашқадарё вилоят божхона бошқармасида тадбиркор ва божхона омборлари мудирлари иштирокида ташкил этилган навбатдаги давра суҳбатида ҳам айнан шу мавзуга оид Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 декабрдаги “Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 1028-сон қарори мазмун-моҳияти йиғилганларга батафсил тушунтирилди.
Учрашувда таъкидланганидек, ушбу қарор эркин омбор, божхона омбори ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш жараёнини янада соддалаштириш мақсадида қабул қилинган.
Дарҳақиқат, мазкур қарор талабига кўра божхона омбори бинолари – ер устидаги иморатларда ёки иншоотларда жойлаштирилиши, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган техник, санитария, ёнғинга қарши ва бошқа талабларга жавоб бериши, қўриқлаш ва ёнғин назорати сигнализациялари, содир бўлаётган воқеалар бўйича ҳар хил томонлардан олинган видеомаълумотларни уч ой давомида кўрсатиш имконига эга бўлган, лицензияловчи орган томонидан белгиланган жойларда ўрнатилган, куну-тун ишлайдиган видеокузатув воситалари билан жиҳозланган бўлиши ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига мос бўлган ёнғинни ўчириш тизими ва воситаларига эга бўлиши лозим.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан йўлланган саволларга божхона ходимлари батафсил тушунтиришлар берди.
4.02.2019