Сайёр учрашувни Бошқарма бошлиғи О.Чориев очиб, кун тартибидаги масалалар билан бирга, залга йиғилган иштирокчиларга ўзи билан Тошкент вилояти божхона бошқармасидан таклиф этилган масъул бўлим бошлиқлари ва ходимларини бирма-бир таништириб, бугунги учрашувдан асосий мақсад расмиятчилик учун ёки мажлисбозлик руҳида эмас, балки божхона соҳасида янги қабул қилинган ҳужжатлар билан ТИФ қатнашчиларини таништириш, тадбиркорларда экспорт ва импорт жараёнида юзага келаётган муаммоларни жойида ўрганиш, уларга амалий ёрдам беришга қаратилганлигини айтиб, йиғилишнинг асосий қисмини баҳс-мунозара шаклида ўтказишни барчага таклиф қилди.
О.Чориев 2018 йилнинг 28 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномасида “2019 йил – Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилингани, унда жорий йилда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, хусусан корхоналарни экспорт салоҳиятини ошириш, уларни рағбатлантиришга алоҳида урғу берилганлиги, бу борада барча давлат идоралари бунга бирдек масъул эканликлари, шу ўринда божхона органлари ҳам қонун дорасида тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга астойдил киришганликлари тўғрисида учрашув иштирокчиларига етказди.
Учрашув бошида, 2018 йилнинг 12 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3665-сон Қарори, “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5414-сон ҳамда 24 ноябрдаги “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5582-сон Фармонлари йиғилиш иштирокчиларига ўқиб эшиттирилди.
Айтиш мумкинки, мазкур божхона соҳасида қабул қилинган қарор ва фармонлар божхона хизмати фаолияти ва маъмурчилигининг самарадорлигини оширишга қаратилган бўлсада, уларнинг таг-замирида божхона тизими ёрдамида мамлакатимизда инвестицион муҳитни яхшилаш, тадбиркорларга қулай шарт-шароитлар яратиш, экспортни рағбатлантириш, импорт ўрнини босувчи маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилган дея таъкидланди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йилнинг 24 ноябридаги ПФ-5582-сон Фармонида товарларни экспорт ва импортга расмийлаштиришда 2018 йилнинг 1 декабридан “сариқ” ва “қизил” йўлакларни жорий этилганлиги, тизимда 2019 йил 1 мартдан “яшил” ва “кўк” йўлакларни тадбиқ этилиши, шунингдек, 2019-2020 йилларда Тошкент вилоятининг “Яллама” ва “С.Нажимов”, 2020-2021 йилларда эса “Ғишткўприк” ва “Ойбек” чегара божхона постларига туташ жойларда замонавий божхона терминалларини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида қуриш режалаштирилаётгани, 2019 йилнинг 1 февралидан бошлаб ТИФ божхона постларида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига БЮДни тўлдириш бўйича бепул асосда хизмат кўрсатувчи шахсларнинг махсус гуруҳи – “фронт офис” тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этилиши барча учрашув қатнашчиларига етказилди.
Мисол ўрнида, мамлакатимизда маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми йилдан йилга ортиб бораётгани, сифатли тайёр трикотаж маҳсулотлари МДҲ давлатларидан ташқари Африка мамлакатларига ҳам экспорт қилинаётганлиги, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар товарларимизнинг Европа ва Америка давлатлари бозорини ҳам эгаллашга кўмаклашиши айтиб ўтилди.
Бундан фикр қилиш мумкинки, амалга оширилаётган барча ислоҳотлар, шу жумладан, божхона соҳасидаги ижобий ўзгаришларнинг барчаси халқаро бизнес рейтингида мамлакатимиз обрўсини юқорига кўтариш, давлатга хорижий ва тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишга қаратилганлиги, аҳолининг, халқнинг ижтимоий ҳаётини ошириш эканлиги барча иштирокчиларга тушунтирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматимиз Раҳбарияти томонидан ўтказилаётган барча йиғилишларда, давлат идораларининг асосий вазифаси аввало халқни рози қилиш, мамлакатда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бу борада аввалдан сақланиб қолган ва бугунги кунда давом этиб келаётган муаммоларни жойига чиқиб ўрганиш ҳамда тадбиркорларга имкон қадар тез фурсатларда амалий ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилаётганлиги, шу мақсадда бугун Тошкент вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти шахсан ўзи Чирчиқ шаҳрига келиб, ушбу ҳудудда фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар, ТИФ қатнашчилари билан учрашув ташкил этаётганини яна бир бор қайтарди.
О. Чориев бошқармада коррупцияга қарши курашиш ишлари кескин жонлантирилганлиги, ходимлар томонидан тамагирлик ва ўз мансаб ваколатини суистеъмол қилинган ҳолатларда шахсан бошқарма бошлиғига ёки Ўз хавфсизлиги бўлими МИБ катта тезкор вакили Ш.Тўраевга алоқага чиқиши мумкинлиги айтиб ўтилиб, Ш.Тўраевнинг уяли алоқа воситаси рақами берилди.
Йиғилиш якунида божхонага оид ҳар қандай муаммолар юзасидан туну-кун бошқарма раҳбариятига оғзаки, ёзма ёки телефон орқали мурожаат қилишлари мумкинлиги айтилиб, бу борада барчага ДБҚнинг қисқа рақамли 11-08 ва Тошкент вилояти божхона бошқармасининг (371) 235-07-61 ишонч телефонлари берилди.
Бундан ташқари, тадбиркорлар томонидан бошқа қатор саволлар берилиб, уларга бошқарманинг масъул ходимлари томонидан жавоблар қайтарилди.
2.02.2019