Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар поезд вагонларига яширилган 290 миллион сўмлик сифати кафолатланмаган маҳсулотларни фош этишди
2095
Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари сифати кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа товарларнинг республикамизга ноқонуний олиб кирилишига доир навбатдаги божхона қоидабузарликларини фош қилишди.
Божхоначилар поезд вагонларига яширилган 290 миллион сўмлик сифати кафолатланмаган маҳсулотларни фош этишди

Жумладан “Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари “Москва-Андижон” йўналишида кириб келган поезд йўловчиларининг қўл юкларини божхона назоратидан ўтказиш чоғида фуқаро З.И. 70 қутида 14 минг дона электрон тамаки стиклари, 64 қути “Парранда гриппига қарши эмлаш дори воситаси ва 112 қути биологик актив қўшимчаларини  вагон том қисмидаги мавжуд бўшлиқларга божхона назоратидан яшириб олиб келаётганлиги фош этишди. Ушбу товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 60,1 миллион сўмни ташкил этар экан.

Шунингдек, “Алмата–Нукус” йўналишидаги халқаро қатнов поезди йўловчиларининг юклари божхона назоратидан ўтказилганида қўшни давлат фуқароси Т.Б. умумий қиймати 50 миллион сўмлик  20 минг дона электрон сигаретларни вагон пол қисми остига яшириб олиб келаётганлиги фош этилди.

Худди шу поезд йўловчилари фуқаролар П.К.,  Д.Т., А.Т. ва Р.С.лар умумий қиймати 100,7 миллион сўмлик 10 минг 800 дона “Orbit” сақичлари, 103,5 литр пиво спиртли ичимлиги, салкам 45 турдаги хамиртуруш, хўжалик қўлқоплари, шампунь, кир ювиш кукуни, аёллар соч буёғи, кийим-кечаклар, маиший техника ва бошқаларни божхона назоратидан яшириб олиб келаётганлиги маълум бўлди.

Мазкур поезднинг яна икки йўловчиси қўшни давлат фуқаролари И.Б. ва С.Б.лар  умумий қиймати салкам 80 миллион сўмлик 24 турдаги болалар бўтқаси, хамиртуруш, сақичлар, кийим-кечаклар ва оёқ кийимлар, идиш-товоқлар ва бошқа товарларини олиб келаётганлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

1.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг