Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрь куни Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб ташкил этилди.
Унда Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов очиб берди. Шундан сўнг Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Э.Салихов сўзга чиқиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида божхона органларида яратилаётган қулайликлар, енгилликлар билан бирга вилоят божхона бошқармаси томонидан 2018 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот бериб ўтди.
– 2018 йил божхона органларида бир қатор тизимли ислоҳотлар йили сифатида тарих зарварақларидан ўрин олди. Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан соҳага оид бир қанча қарор ва фармонлар қабул қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5414-сон Фармони ва “Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3665-сон Қарори қабул қилинди.
Мазкур Фармон асосида, Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Шунингдек, 2018 йил 24 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5582-сон Фармони қабул қилиниб, унга кўра хавфни бошқариш тизими жорий этилди.
Бугунги кунда “Хавфни бошқариш тизими” дастурий таъминотининг техник топшириғи ишлаб чиқилиб, ДБҚнинг ҳудудий божхона бошқармаларида товарларни божхона расмийлаштирувидан “сариқ” ва “қизил” йўлаклар асосида ўтказиш тўлиқ ишга туширилган.
Бу эса ўз навбатида ижобий натижа бериб, товарларнинг божхона расмийлаштирувига кетадиган вақтнинг бир неча баробар камайишига олиб келмоқда.
Тадбирда вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д.Нурмуҳаммедов, савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ш.Юлдашевлар ҳам сўзга чиқишиб, мавзу доирасида маъруза қилишди.
Кун тартибидаги маърузалардан сўнг, учрашув очиқ мулоқот тарзида, яъни савол-жавоб шаклида ўтказилиб, тадбиркорлар фаолиятида учраётган муаммоли масалалар ўрганиб чиқилди.
Учрашувда берилган саволларга мутахассислар томонидан аниқ ва тушунарли жавоблар берилди.
Шу билан бирга тадбирда йиғилганларга тадбиркорлар ва жисмоний шахслар иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вилоят божхона бошқармасининг 66-233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” фаолият олиб бораётганлиги эслатиб ўтилди.
Тадбир якунида Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов мамлакатимиз иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда иқтисодий хавфсизлигини таъминлашга қўшаётган муносиб ҳиссаси, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган хизматлари учун 26 январь - Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни муносабати билан Самарқанд вилояти божхона бошқармасини “Ташаккурнома” билан тақдирлади.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
29.01.2019