Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Инвестиция ва унинг мамлакат иқтисодиётидаги аҳамияти
2247
Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бу борадаги қонунчилик базасини янада такомиллаштириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Бундан кўзланган пировард мақсад эса иқтисодиётимизнинг жадал ривожланишига эришган ҳолда халқимиз ҳаёти учун қулай шарт-шароитлар яратишдир.
Инвестиция ва унинг мамлакат иқтисодиётидаги аҳамияти

Иқтисодиётнинг бир маромда ривожланишига туртки бўладиган бир қанча омиллар мавжуд. Масалан, мамлакатнинг табиий-географик жойлашуви, у ердаги табиий бойликлар миқдори, мавжуд сиёсий аҳвол, аҳолининг саводхонлик даражаси, бизнесни юритиш учун яратилган шарт-шароитлар, қонунчилик базасининг қай даражада мукаммаллиги шулар жумласидандир. Аммо иқтисодиётда инвестиция деб аталувчи яна бир муҳим омил борки, бугунги кунга келиб унинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Хўш инвестиция ўзи нима ва унинг қандай турлари мавжуд? Қуйида бу борада фикр юритамиз.

«Инвестиция» сўзи инглизчадан олинган бўлиб, «маблағ солиш» деган маънони англатади. Инвестиция – бу иқтисодий ва бошқа фаолият объектларига киритиладиган капитал ҳамда уларга доир ҳуқуқлардир. Инвестиция бугунги кунга келиб замонавий иқтисодиётнинг ажралмас қисмига айланди. Инвестиция у билан шуғулланувчи субъектларга қараб миллий ва хорижий инвестицияларга бўлинади.

Муҳтарам Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Инвестиция билан бирга турли соҳа ва тармоқларга, ҳудудларга янги технологиялар, илғор тажрибалар, юксак малакали мутахассислар кириб келади, тадбиркорлик жадал ривожланади.” деб таъкидлаганларининг ўзиёқ мазкур соҳанинг миллий иқтисодиётимиз учун нақадар аҳамиятли эканлигини англатади.

Шу боисдан, Навоий вилоятига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида ҳам божхона бошқармаси ва тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, вилоят ҳокимлигида Канада давлатидан келган инвесторлар билан учрашув ташкил этилиб, унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ў.Исламов, божхона бошқармаси бошлиғи Б.Қутлимуратов, инвестициялар бош бошқармаси бошлиғи К.Хасанов, мутасадди ташкилот вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этдилар. Учрашувда вилоятда мавжуд табиий бойликлар, уларни қазиб олиш ва қайта ишлаш жараёнлари бўйича музокаралар олиб борилди. Шунингдек, чет эллик инвесторлар томонидан ҳудудларга чиқилиб, таклиф этилаётган лойиҳалар ўрганилди.

Албатта бу каби учрашувлар келажакда юртимизга инвестицияларни жалб қилинишда ўз самарасини беради, деб айтишимиз мумкин.

 

29.01.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг