Тадбирга божхона фахрийлари ва вилоят божхона бошқармаси шахсий таркиби ҳамда ишчи ходимлари йиғилишди.
Вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Э.Салихов йиғилганларни байрам билан қутлар экан, мамлакатимизда биринчи маротаба божхона органлари ходимлари куни кенг нишонланаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Дарҳақиқат, 2018 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни этиб белгилаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
Қонунга кўра, 26 январь Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни этиб белгиланди.
Ортга назар солсак, ўтган 2018 йил божхона органларида бир қатор тизимли ислоҳотлар йили сифатида тарих зарварақларидан ўрин олди. Ўша йили Давлат раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан соҳага оид бир қанча қарор ва фармонлар қабул қилинди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5414-сон Фармони ва “Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3665-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур Фармон асосида, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона органлари устувор йўналишлари белгиланди.
Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Яна бир аҳамиятга молик томони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги 630-сон қарори билан Давлат божхона хизмати органларининг байроғи ва фарқлаш белгиси қабул қилинди.
Шунингдек, 2018 йил 24 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5582-сон Фармони қабул қилиниб, унга кўра хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими жорий этилди.
Барча товарларга нисбатан экспорт контрактларини Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаб бекор қилинди.
Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан қўшни давлатлар билан алоқаларимиз мустаҳкамланиб, бир неча йиллардан буён фаолияти тўхтатилган божхона постлари қайтадан ташкил этилиб, фаолияти тикланди.
Хусусан, Самарқанд вилоятининг қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарадош бўлган “Жартепа” чегара божхона постлари 2018 йил март ойида фаолияти қайта тикланди. 2018 йилнинг март-декабрь ойларида ушбу пост орқали 600 мингдан ортиқ фуқаро ҳаракатланган.
Шу билан бирга тадбиркорларнинг вақти ва пул маблағларини тежаш орқали қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида, “Зарафшон” ва “Жомбой” темир йўл станцияларининг маъмурий биноларида “Улуғбек” ТИФ божхона постининг “Зарафшон” ва “Жомбой” божхона пунктлари ташкил этилиб, мазкур пунктларини самарали фаолияти йўлга қўйилди.
2018 йил 28 декабрь куни Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида 2019 йилни – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилиниши божхона органларига ҳам катта масъулият ва жавобгарлик юклайди.
Давлатимиз томонидан божхона органларига қаратилган эътибор ва билдирилган ишончга биз божхоначилар хизматимиз билан муносиб жавоб беришимиз даркор.
Тадбирда Ўзбекистон божхона хизмати фахрийлари уюшмасининг Самарқанд вилояти бўлинмаси бошлиғи Ф.Мукумов сўз олиб, шахсий таркибни байрам билан табриклади.
Шундан сўнг, байрами муносабати билан рағбатлантириш тариқасида божхона фахрийлари ва ходимларига бошқарманинг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғаси топширилди.
Касб байрами арафасида бошқарма таркибий тузилмалари ўртасида ўтказилган волейбол мусобақаси ғолиб ва совриндорлари диплом, медал, кубог ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Самарқанд вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
26.01.2019