Тадбирда таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан сўнгги йилларда божхона соҳасига қаратилаётган улкан эътибор, соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида тизимда тараққиётнинг янги бир даври бошланди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар асосида божхона органлари фаолиятини ҳамда божхона маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, тадбиркорлик ва туризмни фаол ва жадал ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Айнан мазкур Фармон билан 26 январь - Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати ходимларининг куни этиб белгиланди. Шу муносабат билан ўтган йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида” Қонуни қабул қилинди.
Шунингдек, 2018 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.
Қонунинг асосий мақсади давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тартибга солишга қаратилган бўлиб, қонунийлик, ягоналик, очиқлик ва шаффофлик, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш божхона органларининг фаолиятининг асосий принциплари этиб белгиланди.
Қонуннинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, эндиликда юқори профессионал маҳорат, ахлоқий ва маънавий сифатларга эга ёшларни божхона органларига жалб этишга йўналтирилган кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишнинг принципиал жиҳатдан янги тизими яратилади.
Президентимизнинг 2018 йил 2 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Олий ҳарбий божхона институти Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти этиб қайта ташкил этилди ва божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ихтисослаштирилган олий таълим ҳамда илмий-методик муассаса сифатида белгиланди.
Институтда божхона иши соҳасидаги халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда курсантларида таҳлилий фикрлаш, янги билимларни мустақил равишда эгаллаш ва уларни амалиётда қўллаш кўникмасини ривожлантиришга йўналтирилган янгича ўқитиш тизимини шакллантириш мақсадида икки босқичли “Божхона иши” ва “Юриспруденция (иқтисодий хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш)” мутахассисликлари бакалаврларни ҳамда “Божхона иши (фаолият турлари бўйича)” ва “Солиқ ва божхона ҳуқуқи” мутахассисликлари бўйича магистрларни тайёрлаш амалга оширилади.
2018 йилнинг 24 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев божхона соҳасига дахлдор яна бир мухим хужжат - “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонга имзо чекдилар.
Мазкур фармон божхона органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, божхона назорати самарадорлигини ошириш ва тартиб-таомилларини соддалаштириш, фаолиятни такомиллаштириш бўйича институционал ўзгаришларни амалга ошириш ҳамда ушбу тадбирлар орқали республикамизнинг инвестицион жозибадорлигини оширишда ҳал қилувчи роль ўйнамоқда.
Фармон билан соҳада Хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими амалиётга жорий этилмоқда.
Эндиликда товар ва транспорт воситалари учун ҳам божхона назоратида махсус йўлаклар жорий этилди. Жумладан, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб “сариқ” ва “қизил” йўлаклар ишга туширилса, 2019 йил 1 мартидан бошлаб, “яшил” ва “кўк” йўлаклар жорий этилади.
Ушбу тизим товарлар божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда божхона операцияларининг ўтказилишини тезлаштириш билан бир қаторда божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини аниқлаш, прогноз қилиш ва уларнинг олдини олишда муҳим рол ўйнайди.
Божхона ходими хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими буюрган божхона операцияларини бажаришга мажбур ҳисобланади.
Ушбу тизимнинг жорий этилиши ҳар томонлама таҳлил асосида божхона назорати объектларини аниқлаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун маъмурий тўсиқларни камайтиришга, божхона назорати хажмининг камайишига, сифатининг ошишига, мавжуд куч ва воситалардан оптимал фойдаланишга, ҳалол ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантиришга ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Шу жиҳатдан олиб қаралганда, 2018 йил миллий божхона тизими тарихида ёрқин из қолдирди. Божхона расмилайштируви учун вақт 2,3 баробарга ёки 50 соатдан 21 соатга, божхона кўриклари ҳажми эса ўртача 3.1 баробарга қисқарди.
10 та божхона расмийлаштируви билан боглик рухсат бериш тартиби бекор килинди. Натижада рухсатнома олиш учун шу вақтга қадар сарфланган 3 кунлик муддатлар тежалди.
Жорий қилинган янги тартиб ва қулайликлар натижасида тадбиркорларнинг 22,7 млрд. сўмлик харажатлари тежалди.
2018 йил 1 январдан халқаро аэропортларда жорий қилинган икки йўлакли тизим натижасида 3,8 млн. нафар ёки 95% йўловчилар йўловчи божхона декларацияси тўлдирмасдан туриб, божхона назоратидан ўтишди.
2018 йил давомида республикамиз божхоначилари томонидан аниқланган 12.8 мингдан ортиқ божхона қоидабузарликлари натижасида 145.1 млрд. сўмлик товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги айланмасининг олди олинди.
Бугун келиб 18 та ташқи иқтисодий фаолият ва чегара-божхона постларида юк автотранспортлари ва юк поезди вагонларинини сканер қилувчи йирик инспекцион кўрик мажмуалари билан таъминланди.
Бир сўз билан айтганда тизимга юклатилаётган вазифалар божхона органларининг янги имиджини шаклланишига, божхона тадбиркорлик субъектларининг бизнес-ҳамкори ҳамда маслаҳатчиси сифатида хизмат кўрсатадиган органга айлантиради.
Тадбир давомида тизимда хизматни намунали олиб бораётган бир гуруҳ божхона ходимлари навбатдаги махсус унвонлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Бу каби тадбирлар ҳудудий божхона бошқармаларида ҳам давом этмоқда.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
26.01.2019