Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тошкент шаҳрида тадбиркорлар билан сайёр учрашув ўтказилди
2387
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, шу жумладан экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, қонучиликка киритилаётган ўзгартишлар мазмун-моҳиятини етказиш, шунингдек тадбиркорликни ривожлантириш борасида дуч келинаётган муаммолар ва уларни бартараф этишга қаратилган таклифларни ўрганиш мақсадида навбатдаги сайёр учрашув ўтказилди.
Тошкент шаҳрида тадбиркорлар билан сайёр учрашув ўтказилди

Учрашув аввалида бошқарма бошлиғининг ўринбосари З.Сангинов бугунги кунда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига божхона соҳасида яратилаётган қулайликлар тўғрисида қисқача тўхталиб ўтди.

Тадбир давомида божхона бошқармаси масъул ходимлари томонидан сўнгги бир йил давомида ишлаб чиқариш ва маҳсулотлар экспортини қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётни эркинлаштириш, божхона процедураларини соддалаштиришга оид қабул қилинган Президент фармонлари ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари, шунингдек уларнинг ижроси юзасидан давлат божхона қўмитаси ва бошқарма томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил маълумотлар берилди.

Божхона соҳасида тадбиркорларга яратилган қулайликлар ва енгилликлар ҳақида сўз кетар экан Президентимизнинг 2018 йил 17 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиздир. Мазкур ҳужжат билан эндиликда экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмаяпти.

Маълумки,  2018 йилда мамлакатимиз божхона қонунчилигида ҳам бир қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра эндиликда божхона брокери ўз фаолиятини тегишли рухсатнома олмасдан туриб амалга ошириши мумкинлиги белгиланди.

Шу билан бирга, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни амалга оширишда ҳуқуқлари доираси янада кенгайтирилди. Таъкидлаш жоизки, айни пайтда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг лойиҳаси устида қизғин ишлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Қонунинг асосий мақсади давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тартибга солишга қаратилган.

Унга кўра, қонунийлик, ягоналик, очиқлик ва шаффофлик, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш божхона органларининг фаолиятининг асосий принциплари этиб белгиланди.

Эндиликда товар ва транспорт воситалари учун ҳам божхона назоратида махсус йўлаклар жорий этилди. Жумладан, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб “сариқ” ва “қизил” йўлаклар ишга туширилган бўлса, 2019 йил 1 мартидан бошлаб “яшил” ва “кўк” йўлаклар жорий этилади. Ушбу тизим товарлар божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда божхона операцияларининг ўтказилишини тезлаштиради. Шу билан бир қаторда божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини аниқлаш, прогноз қилиш ва уларнинг олдини олишда муҳим рол ўйнайди.

Тадбир давомида  замонавий ахборот коммуникация-технологияларини жалб этиш орқали божхона органлари фаолиятида, хусусан экспорт ва импорт расмийлаштирувлари чоғида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, шу билан коррупция ва тамагирлик каби салбий иллатларнинг олдини олишга эришиш, божхонага доир тартиб-таомилларни янада соддалаштирган ҳолда фуқаро ва тадбиркорларнинг мурожаатларини  “бир дарча” тамойили асосида қабул қилишни ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳам тушунтиришлар берилди.

Мазкур сайёр учрашувда божхона назорати ва расмийлаштируви, экспорт-импорт жараёнларида юзага келаётган муаммолар, уларни баратараф этиш йўллари, коррупция ва бошқа салбий ҳолатларга қарши курашиш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек масъул ходимлар томонидан тадбиркорлик субъектларига ўзларини қизиқтирган барча саволлар бўйича батафсил тушунтиришлар берилди

Қабул сўнгида бошқарма бошлиғи ўринбосари З.Сангинов иштирокчиларга фаоллик учун миннатдорчилик билдириб, тизимда ҳар қандай кўринишдаги коррупцион хатти-ҳаракатларга қарши курашиш ва уларнинг олдини олишда жамоатчиликнинг фаол кўмаги зарурлигини, бунга биргаликда кураш олиб бориш кераклиги ҳақида алоҳида тўхталди. Бу каби масалалар билан узлуксиз 24 соати давомида Давлат божхона қўмитасининг “1108” қисқа рақамли “Ишонч телефонига” ёки бошқарманинг 120-76-76 рақамли телефонлари орқали бевосита бошқарма раҳбарияти ҳамда тегишли таркибий тузилмаларига мурожаат этишлари мумкинлиги айтиб ўтилди.

24.01.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг