Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жиззахда ўтказилаётган сайёр қабуллар натижасида тадбиркорлар муаммоси ижобий ечимини топмоқда
2661
Бугунги кунда экспортни ривожлантириш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда.
Жиззахда ўтказилаётган сайёр қабуллар натижасида тадбиркорлар муаммоси ижобий ечимини топмоқда

Аниқроғи, экспорт ҳажмини ошириш ва кенгайтириш юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадларидан бири десак, адашмаган бўламиз.

Жиззах вилоятидаги “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси дирекциясининг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Н.С.Отажонов раислигида ўтказилган сайёр қабулда ҳам асосий эътибор шу масалага қаратилди. Вилоят миқёсида бўлиб ўтган ушбу тадбирда шунингдек Жиззах вилояти ва туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ва қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари, вилоят прокуратураси вакиллари, вилоят божхона ва солиқ бошқармалари бошлиқлари, давлат ва жамоат ташкилотларининг масъул ходимлари  ҳамда тадбиркорлар иштирок этишди.

Унда сўзга чиққанлар Жиззах вилоятида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш, улар томонидан жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш лозимлиги, бу йўлда эса давлатимиз томонидан кераклича молиявий, ҳуқуқий ва ташкилий ёрдам кўрсатилиши таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, очиқ мулоқотда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш, экспорт салоҳиятини сон ва сифат жиҳатдан янада яхшилаш борасида тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари, шу билан бирга тизимда юзага келаётган баъзи бир муаммолар ҳам тингланди.

Жумладан, “Эшқўзи ота” фермер хўжалиги вакиллари томонидан божхона соҳасига оид берилган савол йиғилганлар эътиборида бўлди. Яъни, товар ташиш билан шуғулланувчи транспорт компанияларининг хизмат ҳақи қиммат бўлганлиги сабабли ушбу фермер хўжалиги ўз номидаги “Камаз” русумли юкхонаси тент билан қопланган юк машинасида “Қўшкент” чегара божхона пости орқали ҳаракатланиб, Тожикистон Республикасининг Хўжанд шаҳрига пиёз маҳсулотини экспорт қилишга рухсат сўради.

Шундан сўнг, Жиззах вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Д.Юсупов томонидан амалдаги қонун-хужжатлар асосида “Эшқўзи ота” фермер хўжалиги вакилига тушунча ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Ушбу фермер хўжалигига тегишли юк машинаси халқаро ташишга рухсати бўлмаганлиги сабабли ушбу йўналишдаги лицензияни Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигидан олиш тавсия этилди.

Гувоҳи бўлганингиздек, экспорт ҳажмини ошириш, ташқи савдо айланмасини янада кенгайтириш, бу борада эса тадбиркорларнинг ҳуқуқий билим ва савиясини ошириш борасида жойларда ташкил этилаётган учрашувлар, сайёр қабуллар ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Қолаверса, экспорт қилувчи корхоналарнинг ташқи бозордаги рақобатбардошлигини таъминлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича белгилаб олинган бу каби аниқ чора-тадбирлар фаолиятни янада кенгайтиришда амалий ёрдам бўлиши шубҳасиз.

23.01.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг