Хусусан, Ўзбекистон Республикаси божхона постларини катта ҳажмдаги сканер қурилмалари билан жиҳозлаш лойиҳаси доирасида Хитой Халқ Республикасининг грант маблағлари ҳисобидан тақдим этилган темир йўл вагонларини сканер қилувчи инспекцион-кўрик мажмуалари ёрдамида оз вақт ичида катта ҳажмли юкларни божхона кўригидан ўтказиш имкони яратилди.
Худди шундай инспекцион-кўрик мажмуаларидан яна бирини Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Хўжадавлат” темир йўл божхона постига ўрнатиш ишлари ўз якунига етди. Шу муносабат билан мазкур постда инспекцион-кўрик мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда, Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев ҳамда Давлат божхона қўмитаси Раиси Муротжон Азимов ҳамда “Nuctech Co LTD” компанияси вакили Чанг Зунг Чоулар иштирок этишди. Улар божхона органларида юз бераётган ижобий ўзгаришларни эътироф этиш асносида тадбир иштирокчиларини мажмуа иш бошлаганлиги билан самимий қутладилар.
Тадбирнинг расмий очилиш маросимидан сўнг, йиғилганлар инспекцион-кўрик мажмуаси билан яқиндан танишиб, унинг имкониятлари, иш самарадорлиги бўйича кўплаб маълумотларга эга бўлдилар.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур техника ёрдамида катта ҳажмли транспорт воситалари ёки контейнерлар ичидаги товарларнинг жойлашган шаклини кўриш имкони мавжуд. У орқали контейнердаги товарларнинг декларацияда кўрсатилганлигига мослиги, контрабанда предметлари бор-йўқлигини назорат қилиш мумкин.
Зеро, инспекцион-кўрик мажмуасини ўрнатишдан кўзланган асосий мақсад ҳам контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатларининг олдини олиш, хавфни бошқариш тизими орқали божхона назорати самарадорлигини ошириш боробарида, экспорт ва импорт жараёнларини янада тезлаштиришдан иборатдир.
Давлат божхона қўмитаси ушбу инспекцион-кўрик мажмуасини ўрнатиш ҳамда божхона пости ҳудудини ободонлаштиришда амалий ёрдам берганлиги учун Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда хитойлик ҳамкорларга миннатдорчилик билдиради.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
20.01.2019