Ана шундай тадбирлардан бири Жиззах вилоятининг Ш.Рашидов туманида ҳам ташкил этилди.
Вилоят иқтисодий суди, вилоят прокуратураси, солиқ ва божхона бошқармалари ва бошқа қатор мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда тумандаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида солиққа тортиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жумладан, солиқ ва мажбурий тўловларни қисқартириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилишдан кутилаётган самаралар аниқ ҳисоб-китоб, факт ва рақамлар асосида таҳлил қилинди.
Унда сўзга чиққанлар томонидан юртимизда бу каби ислоҳотларни амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, муҳтарам Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўгрисида”ги ПҚ-4086-сон қарори мазмун-моҳияти ҳам тушунтириб ўтилди.
Хусусан, қарорга кўра 2019 йил 1 январдан бошлаб янги жорий қилинган импорт божхона божи ва акциз солиғи ставкалари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Очиқ мулоқотда тадбиркорлар томонидан божхона соҳасига оид саволлар берилди. Хусусан, фуқаро Ш.Норимова чет элдан юртимизга манзарали дарахт кўчатларини олиб кириш тартиби, бу борада божхона тизимида мавжуд имтиёзлар бўйича ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Шундан сўнг, божхона ходимлари томонидан муҳтарам Президентимизнинг 2015 йил 29 декабрдаги ПҚ-2460-сонли Қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 110-сонли қарори билан тасдиқланган имтиёзли рўйхат асосида чет элдан импорт қилинадиган манзарали дарахт кўчатларига божхона тўловларидан имтиёзлар назарда тутилганлиги бўйича атрофлича жавоб қайтарилиб, зарур ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Тадбиркорлар билан бундай семинар-йиғилишлар, сайёр қабуллар вилоятнинг барча туманларида бўлиб ўтмоқда.
19.01.2019