Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
2019 йилда «Ургут» эркин иқтисодий зонасида 3 минг иш ўрни яратилади
2489
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги ПФ-4931-сон Фармонига асосан “Ургут” эркин иқтисодий зонаси (ЭИЗ) ташкил этилган.
2019 йилда «Ургут» эркин иқтисодий зонасида  3 минг иш ўрни яратилади

Ҳозирда мазкур эркин иқтисодий зона ички бозорларимиздан тортиб, ташқи бозорларгача ўзи ишлаб чиқараётган турли хил маҳсулотларни етказиб бермоқда.

Самарқанд вилоят божхона бошқармаси томонидан “Ургут” эркин иқтисодий зонаси иштирокчиларига қулайлик яратиш мақсадида, 3 нафар ходимдан иборат “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг “Ургут” божхона пункти фаолияти ташкил этилган. Мақсад битта, у ҳам бўлса тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш.

Бугунги кунда “Ургут” ЭИЗда фаолият кўрсатувчи 67 та корхоналарнинг ишлаб чиқариш лойиҳалари эркин иқтисодий зоналар маъмурий кенгаши томонидан тасдиқланган.

Шундан, тасдиқланган лойиҳалар доирасида 2018 йилнинг ўтган даври давомида “Ургут” ЭИЗда фаолият кўрсатувчи 31 та корхоналар томонидан лойиҳа асосида хорижий давлатлардан импорт қилинган товарлар учун 106,92 млрд. сўм божхона имтиёзлари берилди.

Шунингдек, 2018 йилнинг ўн ойи давомида ЭИЗга аъзо 13 та корхона томонидан қиймати 17 350 210 АҚШ долларига тенг бўлган 17 хилдаги товарлар Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Азарбайжон, Хитой ва Туркия давлатларига экспорт қилинган.

2018 йилда “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида умумий қиймати 59 млн АҚШ доллари бўлган 16 та лойиҳа ишга туширилди. Бунинг натижасида 690 та янги иш ўринлари яратилди.

Жорий йилда “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида умумий қиймати 148,1 млн АҚШ доллари бўлган 44 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида 3 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

Ҳозирда божхоначилар тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, уларга яқиндан амалий ёрдам кўрсатиб келишмоқда. Шу билан бирга божхоначилар жойларга чиқиб, давлатимиз томонидан тадбиркорлик соҳасида ҳамда божхона тизимида янги қабул қилинган меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида тарғибот-ташвиқот ишларини ҳам амалга оширишмоқда.

Хусусан, куни кеча Самарқанд тумани “Гулобод” ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежига йиғилган тадбиркорлар, фермерлар, талабала-ёшлар иштирокида “Маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт қилиш тартиби” мавзусида учрашув ўтказилди.

Унда божхоначилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона – тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3818-сон Қарори ҳамда 2018 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги ПҚ-4086-сон Қарорларининг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтишди.

Темур Назаров,

Ургут эркин иқтисодий зонаси божхона пункти катта инспектори

19.01.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг