Бу борада жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш катта аҳамият эга.
Қолаверса, ҳар бир шахснинг ваколатли давлат органларига, муассасаларига ва халқ вакилларига мурожаат қилиш ҳуқуқи Конституциямизнинг 35-моддасида ҳам белгилаб қўйилган бўлиб, унга кўра ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт эканлиги келтириб ўтилган.
Шу маънода бугунги кунда Жиззах вилояти божхона бошқармаси томонидан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари”ни кўриб чиқиш ва бу борада амалдаги қонун ҳужжатлари асосида тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 15 январь куни бошқармада фуқаро Д.Қорақуловнинг Литва давлатидан олиб келинган автотранспорт воситасини расмийлаштириш жараёнида божхона тўловларидан имтиёз бериш хусусида қилган мурожаати бошқарма бошлиғи Д.Юсупов томонидан мутасадди бўлимлар иштирокида кўриб чиқилди.
Ўзаро мулоқот жараёнида фуқарога Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5388-сонли Фармони талаблари батафсил тушунтириб берилди.
Бундан ташқари, 2018 йил мобайнида вилоят божхона бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 11 сентябрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуни талаблари ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Қолаверса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ёзма, электрон ва оғзаки мурожаатларини ўз вақтида ва адолатли кўриб чиқиш, фуқаролар билан ишлашни тизимли ташкил этиш, мурожаатга келган фуқароларни қабул қилиш жараёнида юксак маданиятли муомалада бўлиш, уларнинг сўровларига ҳурмат билан муносабат билдириш лозимлиги бошқарма ходимларига мунтазам етказиб борилмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, муаммонинг илдизи қанча барвақт аниқланса, уни бартараф этиш ҳам шунча осон кечади. Бунинг учун эса мутасадди ташкилот раҳбарлари халқ билан, тадбиркорлик субъектлари билан доимий мулоқотда бўлиши, уларни ташвишлантираётган, қийнаётган муаммоларнинг ичига янада чуқурроқ кириб, вазиятни қалбан ҳис қилиши керак.
15.01.2019