Ҳаммамизга маълумки, мустақил ватанимиз кундан-кунга ривожланиб, тараққий этиб бормоқда. Бунинг замирида эса ҳар бир ватанпарвар ва жонкуяр юртдошимизнинг машаққатли меҳнати ётибди. Уларга ҳар қанча ҳурмат ва эҳтиром кўрсатсак арзийди.
Шу боис ҳам Ўзбекистон Республикасининг "Ватан ҳимоячилари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунига биноан 14 январь куни "Ватан ҳимоячилар куни" деб эълон қилинди. Мана 27 йилдирки, юртимизда ушбу байрам муносабати билан ҳар йили қатор тадбирлар-тантаналар ўтказилиб келинмоқда.
Жиззах шаҳридаги Хотира хиёбонида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 27 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб ташкил этилган тадбир шулар жумласидандир. Майдондаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйиш маросимида вилоят ҳокимлиги, ҳарбийлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда Жиззах вилоят божхона бошқармаси шахсий таркиби ҳам муносиб иштирок этиб, ватанимиз озодлиги ва тинчлиги йўлида жон фидо қилган кўплаб ватанпарвар ҳарбийларимиз руҳларига ҳурмат бажо келтирдилар.
Гулчамбарлар қўйиш маросимидан сўнг Жиззах гарнизонига қарашли ҳарбий қисмлар ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар шахсий таркиби байрам парадида шахдам қадамлар ташладилар. Айтиш керак байрам тадбири юқори савияда ташкил этилди. Айниқса, ҳарбий оркестр томонидан ижро этилган куйлар йиғилганларга янада кўтаринки кайфият улашди..
Ватан саждагоҳ каби муқаддас. Унинг сарҳадлари дахлсизлиги ҳамда тинчлигини қўриқлаш мана шу заминда вояга етаётган ҳар бир мард, жасур ўғлонларнинг бурчидир. Зеро, ватани олдидаги бурчини сидқидилдан адо этиш, юрт тинчлигини, она заминимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш энг олий шарафдир.
14.01.2019