Қуролли Кучларимизнинг ўтган 27 йиллик тарихига назар ташлайдиган бўлсак, миллий армиямизни тубдан ислоҳ қилиниши натижасида Ватанни ҳимоя қилиш шарафли касбга айланганини кўришимиз мумкин. Тақдирини юрт ҳимояси билан боғлаган асл ўғлонлар Юртбошимиз меҳрини, эътиборини, ғамхўрлигини ҳамиша юракдан ҳис қилиб яшаяптилар. Бу эътиборни ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлашдан тортиб, намунали хизмат қилган йигитларнинг олий ўқув юртига киришигача бўлган имтиёзларда кўришимиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 27 йиллиги ва 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни байрами сифатида мамлакатимиз бўйлаб катта тантана қилинмоқда. Шунингдек мазкур тадбир Сурхондарё вилояти божхона бошқармасида хам кенг нишонланди.
Байрам тадбирини бошқарма бошлиғи Т.Саидов очиб берди ва бошқарма ходимларини шунингдек барча ҳарбий хизматчиларни байрам билан табриклади.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар ёшларимизда қадимий тарихимиз ва маданиятимиз, жонажон Ватанимизнинг мустақиллиги ва равнақи йўлида фидокорона курашган Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби миллий қаҳрамонларимиз билан фахрланиш, уларга муносиб бўлиш туйғусини шакллантириш ҳамда божхона ходимларига яратилаётган шарт-шароитлар ва имкониятларга жавобан юртимизга садоқатли ва фидокорона хизмат қилишимиз лозимлиги таъкидланди .
Тадбирда хизмат вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган Р.Қодиров, Б.Давлатов ва Т.Холлиевлар хотираси ёд этилиб уларга ўрнатилган хотира монументига тантанали равишда гул қўйилди. Шунингдек байрам муносабати билан бошқарма ходимлари ўртасида стол тенниси, волейбол, шахмат ва турникда тортилиш бўйича спорт беллашувлари хам кўтаринки кайфиятда ўтказилди.
Мазкур сана муносабати билан Сурхондарёда турли тадбир давом этмоқда. Жумладан, байрамга вилоятдаги ёш божхоначилар ҳам ўзига хос туҳфа ҳозирлашди. Сурхондарё вилояти Ёшлар Иттифоқи ва вилоят телерадиокомпанияси ташаббуси билан ҳарбий хизматчилар ўртасида ташкил қилиган “Темурбек издошлари” беллашув телешоусида Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг “Ёш божхоначилар” жамоаси ғолибликни қўлга киритишди.
13.01.2019