Мустақил давлатимиз тарихида 14 январь санасининг ўрни бўлакча. 1992 йилдан буён айни шу сана Ватан ҳимоячилари куни сифатида нишонланиб келмоқда. Ўтган йиллар давомида шубҳасиз ушбу айём озод ва эркин халқимизнинг муқаддас бир байрами сифатида ҳар бир юртдошимиз қалбидан жой олди.
Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Жиззах вилоятида ҳам ушбу сана қизғин нишонланмоқда. Байрамнинг асосий тантаналари вилоят мусиқали драма театрида ҳарбийлар, ҳуқуқ тартибот идоралари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар иштирокида бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев йиғилганларга Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли кучларимиз олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчиларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Байрам муносабати билан мухтарам Президентимиз Фармонига кўра давлатимизнинг мудофа қудратини янада юксалтириш, миллий хавфсизликни ва давлат чегаралари дахлсизлигини таъминлаш ишига қўшаётган катта ҳиссаси, миллий манфатларимизни химоя қилиш хамда тинчлик, барқарорлик ва жамоат тартибини таъминлаш борасидаги хизмат бурчини бажаришда мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун мукофотланган бир гуруҳ давлат ва ҳарбий хизматчиларга давлатимизнинг юксак мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, вилоятда ўз хизмати давомида алоҳида жонбозлик ва намуна кўрсатиб келаётган қатор ҳуқуқ тартибот идоралари вакиллари ҳам муносиб тақдирланишди.
Жумладан, Жиззах вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Дониёр Юсупов ҳам вилоятда божхона соҳасида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига яқиндан кўмаклашиш, чет эл инвестицияларини жалб этишдаги фаоллиги учун вилоят хокимлигининг эсдалик совғаси билан тақдирланди.
Тантанали тадбир истеъдодли санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокидаги концерт дастурига уланиб кетди. “Ватан муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир” шиори остида саҳналаштирилган бадиий дастур барчага бирдек манзур бўлди.
13.01.2019