Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қашқадарёда тадбиркорлик ривожи учун божхона имтиёзлари қўлланилмоқда
2285
Сир эмаски, бугунги кунда юртимиздаги ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг экспорт-импорт жараёнидаги фаол иштирокини таъминлаш учун барча шароит мавжуд.

Уларнинг бу борадаги манфаатдорлигини янада ошириш мақсадида бир қатор божхона имтиёзлари жорий қилинган. Мисол учун, маълум турдаги товар, бутловчи ва эҳтиёт қисм, агар улар Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқарилмайдиган бўлса, уни импорт қилишда тадбиркорга енгиллик, яъни имтиёз тақдим этилади. Айтиш жоизки, воҳа ишбилармонлари бу қулайликдан ўз ўрнида фойдаланишмоқда.

Хусусан, 2018 йилнинг январь-декабрь ойларида субъектлар амалга оширган импорт учун божхона тўловлари бўйича 1 203,66 миллиард сўм миқдорида божхона имтиёзлари қўллангани фикримизни тасдиқлайди.

Бу кўрсаткич 2017 йилда 899,6 миллиард сўмни ташкил этган ва натижада ўтган йилга нисбатан 304,06 миллиард сўмлик (ёки 33,7 фоизга) божхона имтиёзлари кўп қўлланилди.

Эътиборлиси, ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида расмийлаштирилган божхона юк декларациялари сони аввалгига қараганда сезиларли ошди. Ҳисобот даври мобайнида бу рақам 18 минг 735 тани (2017 йилда эса 11 минг 454 та) ташкил этди. Рўйхатдан ўтган божхона юк декларацияларининг аксарият қисми импорт йўналишига (14 минг 059 та) тааллуқли. Қолган 4 минг 676 таси эса экспорт операцияларини ўз ичига олади.

Шу ўринда бевосита вилоят ташқи савдо айланмасига тўхталсак. Муҳими, ўтган фурсатда айни жабҳада ҳам ижобий натижалар қайд этилганини кўриш мумкин. 2018 йил якунига кўра, ҳудуднинг ташқи савдо айланмаси умумий ҳажми 775 миллион 218 минг АҚШ долларига етди.  2017 йилнинг шу даврига нисбатан тегишли миқдор 105 106,7 минг АҚШ долларига кўпайган.

Мазкур йўналишда вилоят ташқи савдо айланмаси ҳажмини таркибий жиҳатдан янада атрофлича кўриб чиқиб, бу муддатда хориж мамлакатларидан воҳага ҳудуд халқ хўжалиги учун зарур бўлган маҳсулотлар импорти қуйидаги товарлар ташкил этди.

Хусусан, товар гуруҳлари кесимидаги солиштирма таҳлил натижаларига эътибор қаратадиган бўлсак, маҳаллий ишбилармонлар четдан кўпроқ асбоб-ускуналар, насослар, клапанлар сингари товарларни харид қилишга катта эътибор қаратган. Бунинг учун 117 миллион 119 минг АҚШ доллари йўналтирилган.

  Ўтган 2018 йил давомида Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари орқали 4 миллион 501 минг АҚШ долларилик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилинди.
2017 йилда айни маҳсулотлар экспорти 1 миллион 962 минг АҚШ доллари ташкил қилган бўлиб, 2018 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспортида ўсишга эришилди.

  Умуман олганда, бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада тараққий эттириш учун юртимизда яратилган кенг шароит ва имкониятлар, имтиёзлар соҳа ривожида муҳим ўрин тутиб, мамлакатимиз иқтисодий қудратини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

 

12.01.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг