Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси чегара божхона постлари ҳудудларига туташ жойларда замонавий божхона терминалларини қуриш бўйича танлов эълон қилади
2056
Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 24 ноябрдаги ПФ-5582-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, “Яллама” ва “С.Нажимов” (Тошкент вилояти), “Дўстлик” (Андижон вилояти), “Олот” (Бухоро вилояти), “Даут-ота” (Қорақалпоғистон Республикаси), “Маданият” (Андижон вилояти), “Ўзбекистон” (Фарғона вилояти), “Ғишткўприк” ва “Ойбек” (Тошкент вилояти) божхона постлари ҳудудларига туташ жойларда замонавий божхона терминалларини, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида қуриш бўйича танлов эълон қилади.

Тижорат таклифлари 2019 йил 21 январь куни соат 12-00 га қадар қабул қилинади.

Танлов бўйича таклиф бериш вақтида танлов қатнашчиси учун заклад суммаси 5 млрд. сўмни ташкил этади.

Танловга тижорат таклифининг келиб тушиш муддати Давлат божхона қўмитасида рўйхатга олинган куни ҳисобланади.

Тижорат таклифи замонавий божхона терминалини қуриш бўйича Давлат божхона қўмитаси томонидан тасдиқланган техник топшириқ асосида тақдим этилиши лозим.

Божхона терминалларини қуриш бўйича танловда қатнашадиган инвестор ва унинг аффилланган шахслари билан бирга қуйидаги асосий шартлар (дастлабки малака танлови) асосида танланади:

божхона терминалларини қуриш 100 % инвестор ҳисобидан амалга оширилиши;

таклифларни кўриб чиқишда ушбу йўналишдаги амалий тажрибаси, яъни камида 2 та божхона терминали ва божхона омборларини қурганлиги, шу жумладан хорижий давлатларда;

сўнгги икки йилликдаги молиявий аҳволи, халқаро нуфузи, менежмент стандартларига жавоб бериши каби кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратилиши;

устав фонди 80 млрд. сўмдан кам бўлмаслиги (эквивалент);

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги ПФ-5582-сон Фармони билан тасдиқланган тармоқ жадвалига мувофиқ, дастлабки босқичда, 2019-2020 йилларда “Яллама” ва “С. Нажимов” (Тошкент вилояти), “Дўстлик” (Андижон вилояти), “Олот” (Бухоро вилояти) чегара божхона постларига туташ жойларда барпо этиладиган божхона терминаллари қурилишини амалга оширилиши кафолатланиши, шунингдек 2020-2021 йилларда қолган 5 та божхона терминалларини қуриш имконияти бўлиши лозим;

божхона терминалларида фаолият олиб борувчи давлат органларига бино, иншоот ва бошқа турдаги воситалар бепул асосларда тақдим этилиши;

Ўзбекистон Республикасида божхона омбори фаолиятини амалга оширишга лицензияга эга бўлиши;

логистика терминаллари ва божхона омборларини бошқаришда камида 5 йиллик тажрибага эга бўлиши.

Божхона терминалини қуриш бўйича энг яхши таклифлар Давлат божхона қўмитасининг танлов шартларига мослигини тасдиқловчи тақдим этилган ҳужжатлар асосида  танлаш йўли билан аниқланади.

Қўшимча маълумотлар олиш учун +99878 120-76-00 (ички рақам 57-09 ва 53-17) телефон рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.

Ҳужжатлар қуйидаги манзилда қабул қилинади: Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси 3 уй, индекс 100003.

11.01.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг