Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорлик мамлакатимиз иқтисодий ривожида муҳим омил ҳисобланади
2700
Бугун божхона тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, ўзгаришлар, янги қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига тушунтириш соҳа ходимларининг асосий вазифаси этиб белгиланган. Шу мақсадда Жиззах вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳудудларда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Ана шундай учрашувларнинг навбатдагиси “Jizzax textile” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонада ташкил этилди.
Божхона ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорлик мамлакатимиз иқтисодий  ривожида муҳим омил ҳисобланади

Учрашувда Жиззах вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Д.Юсупов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5582-сонли Фармонининг мазмуни, унда тадбиркорлар учун белгилаб қўйилган кенг қулайликлар борасида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг божхона постлари ҳудудларига туташ жойларда замонавий божхона терминалларини ташкил этиш, қолаверса, 2018 йилнинг 1 декабридан сариқ ва  қизил йўлаклар ишга тушганлиги, 2019 йил 1 мартидан бошлаб эса яшил ва кўк йўлаклар орқали божхона расмийлаштирувини амалга ошириш бўйича хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими жорий этилганлиги таъкидланди.

Қолаверса, барча товарларга нисбатан экспорт контрактларини божхона органларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаб ҳамда товарларни импорт қилишда ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодлари тўғри қўлланилганлиги тўғрисидаги эксперт хулосасини талаб қилиш амалиёти бутунлай бекор қилинганлиги тадбиркорларга яратилган яна бир енгиллик эканлиги ҳам тадбиркорларга етказилди.

Шунингдек, мулоқот давомида муҳтарам Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўгрисида”ги ПҚ-4086-сон қарори мазмун-моҳияти ҳам тушунтириб ўтилди. Жумладан, қарорга кўра 2019 йил 1 январдан бошлаб янги жорий қилинган импорт божхона божи ва акциз солиғи ставкалари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди.

Тадбир доирасида корхона фаолияти, у ерда мавжуд шарт-шароитлар ҳам кўздан кечирилди.

Бир сўз билан айтганда, ҳар қандай фаолиятнинг, шу жумладан, тадбиркорликнинг ҳам асоси аввало, тегишли ҳуқуқий шарт-шароит, қулай имконият билан бирга юксак билим ва салоҳиятдир. Мамлакатимизда бизнесни юритиш ва ишбилармон тадбиркорлар фаолиятини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган бу каби тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам айни шу мақсадга хизмат қилади. Бу орқали тадбиркорлар ўзларининг билим-савиясини ошириш билан бирга янги истиқболли лойиҳалар асосида ғайрат-шижоат билан меҳнат қилиб, юқори натижаларга эришадилар деган умиддамиз. Бу эса мамлакатимиз иқтисодининг янада ривожланишида муҳим омил ҳисобланади.

10.01.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг