Шу жумладан, божхона органлари фаолиятида ҳам мурожаатлар билан ишлашга ҳамда аҳолига имкон қадар кўмаклашишга алоҳида аҳамият қаратиб келинади.
Биргина Бухоро вилояти божхона бошқармаси мисолида олиб қарайдиган бўлсак, 2018 йил давомида жисмоний ва юридик шахслар томонидан 798 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан, 346 та оғзаки, 452 та ёзма шаклда қайд этилган. Мурожаатларнинг 671 таси жисмоний шахслар томонидан ва 127 таси эса юридик шахсларнинг мурожаатларини ташкил этади. Қилинган мурожаатларнинг 405 таси қаноатлантирилган 393 таси бўйича амалдаги норматив ҳуқуқий ҳужжат талаблари асосида тушунтиришлар берилган ҳолда ҳал қилинган.
Юқоридаги рақамлар таҳлилидан ҳам кўриниб турибдики, мурожаатларнинг ҳеч бири эътиборсиз қолмаган ва имкон қадар ижобий ҳал этилган.
Шу билан бир қаторда, вилоят божхона бошқармаси томонидан Ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар иштирокида доимий мулоқотлар йўлга қўйилган бўлиб, ўтказилаётган сайёр учрашувлар натижасида тадбиркорларнинг муаммолари ўз ўрнида бартараф этилмоқда. Бу йўналишда ҳам рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, 2018 йил давомида жойларда 22 маротаба сайёр учрашувлар ташкил қилиниб, бевосита бошқарма раҳбарияти томонидан 510 нафар мурожаат билан келган фуқаролар қабул қилиб, уларнинг масалаларга амалий ёрдам кўрсатилган.
Шунингдек, келиб тушган мурожаатлар орасида кўп маротаба “Жисмоний шахслар томонидан божхона тўловларисиз товарларни олиб кириш ҳамда олиб чиқишнинг чекланган меъёрлари қандай?” эканлиги сўралган. Буларга ҳам вилоят божхона бошқармаси масъул ходимлари томонидан фуқаронинг яшаш жойларига борилиб, амалдаги қонунчилик талаблари асосида тушунтиришлар берилди.
Кириб келган 2019 йилда Бухоро вилояти божхона бошқармасига қилинган илк мурожаат тадбиркорлик билан шуғулланувчи Жасурбек Ражабов томонидан қилинган бўлиб, унинг мурожаати таркибий тузилма раҳбарияти томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди ва ижобий ҳал этилишига эришилди.
Бир сўз билан айтадиган бўлсак, бугун божхона органлари фаолиятида мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигининг оширилиши ва бу йўналишга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида кўплаб фуқароларнинг муаммолари бартараф этилиб, юқори иш самарадорлигига эришилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
8.01.2019