Умуман олганда, сўнгги йилларда солиқ тизимига татбиқ этилаётган ислоҳотлар бевосита аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Шу маънода жорий йилдан бошлаб солиқ концепцияси доирасида амалдаги қонунчиликка киритилган ўзгаришлар ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади. Ҳеч шубҳасиз, “янги солиқ концепцияси фуқаро, тадбиркор, умуман жамиятга нима беради” деган саволлар мана бугун ўз жавобини топмоқда.
Жиззах шаҳрида ташкил этилган очиқ мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Давлат солиқ қўмитаси вакиллари, Жиззах вилоят прокуратураси, Жиззах вилоят божхона бошқармаси, тадбиркорлар ва бошқа мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этишди.
Тадбирда 2019 йил 1 январдан бошлаб солиқ концепцияси доирасида амалдаги қонунчиликка киритилган ўзгаришлар моҳияти ҳақида йиғилганларга кенг тушунчалар берилди. Жумладан, солиқ солиш тартибига киритилган ўзгаришлар, айрим турдаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг бекор қилинганлиги, қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва ҳисоб- китобларни тақдим этиш ҳамда бюджет билан ўзаро муносабатлар ва соҳага оид бошқа масалалар слайд орқали кенг ёритиб берилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда ҳудудларда фаолият юритаётган кўплаб тадбиркорлик субъектлари қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва ҳисоб-китобларни тақдим этиш борасида етарли билим ва тушунчага эга эмас. Бу эса, баъзи ҳолатларда қўшилган қиймат солиғининг бевосита нарх-навога таъсири хусусидаги хавотирларга сабаб бўлмоқда. Семинар давомида айнан шу масалаларга ҳам тўхталиб, бу борада Жиззах шаҳридаги савдо, ишлаб чиқариш, умумий овқатланиш, қурилиш корхоналари фаолияти юзасидан аниқ мисоллар келтирилди. Бу орқали эса солиқ қонунчилигига киритилаётган ўзгаришларнинг моҳияти, аҳамияти шу билан бирга, янги солиқ тўлаш тартибига ўтаётган тадбиркорларга бу бўйича батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек тадбир давомида муҳтарам Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўгрисида”ги ПҚ-4086-сон қарори мазмун-моҳияти ҳам тушунтириб ўтилди.
Хусусан, қарорга кўра 2019 йил 1 январдан бошлаб янги жорий қилинган импорт божхона божи ва акциз солиғи ставкалари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Очиқ ва эркин мулоқот тарзида ўтган семинарда тадбиркорлар солиқ, божхона тўловлари, бу борада уларга берилаётган имтиёзлар юзасидан ҳам ўзларини қизиқтирган саволларига малакали мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар олишди. Қолаверса, тадбиркорлик субъектлари дуч келаётган муаммолар ўрганилиб, уларнинг бу борадаги таклифлари юзасидан фикр алмашилди.
8.01.2019