Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳукумати ўртасида божхона ишларида ҳамкорлик уа ўзаро ёрдам тўғрисида"ги Битим
268

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳукумати ўртасида божхона ишларида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида

БИТИМ

 Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳукумати (кейинги ўринларда “Томонлар” деб юритилади ва улардан бирортаси учун “Томонлар” деб юритилади);

божхона қонунчилигига зид бўлган ҳуқуқбузарликлар ҳар икки давлатнинг иқтисодий, тижорат, молиявий, ижтимоий ва маданий манфаатларига зарар этказишини эътиборга олиб;

божхона тўловлари ва солиқларни ҳамда товарларни олиб чиқиш ёки олиб киришда қўлланиладиган бошқа тўловларни тўғри ҳисоблаш ҳамда тақиқлаш, чеклаш ва назорат қилиш чораларини тўғри амалга оширишни таъминлаш муҳимлигини англаб;

божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш ва амалга ошириш билан боғлиқ масалаларда халқаро ҳамкорлик зарурлигини эътироф этиб;

божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, импорт ва экспорт бож ва солиқларнинг аниқ ундирилишини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ўзаро ҳамкорлик орқали янада самаралироқ бўлиши мумкинлигига ишонч ҳосил қилган ҳолда;

Божхона Ҳамкорлиги Кенгаши (Жаҳон Божхона Ташкилоти) томонидан чиқарилган тегишли ҳужжатлар, хусусан, 1953 йил 5 декабрдаги Ўзаро маъмурий ёрдам тўғрисидаги Тавсияни инобатга олиб;

Томонлардан бирортаси қўшилган, тегишли равишда тақиқлаш ва чеклаш тўғрисидаги қоидаларни ҳамда айрим товарларни назорат қилишнинг ўзига хос тартиб-қоидаларини ўз ичига олган халқаро конвенцияларни ҳам инобатга олиб;

Қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:

1-модда.  Таърифлар

 Мазкур Битимнинг мақсадлари учун, қуйидаги атамалар ҳар бир бандга нисбатан тушунтирилган маънога эга бўлади;

  1. "Божхона қонунчилиги" атамаси: товарларни олиб кириш, олиб чиқиш, транзит тарзда ўтказишга тааллуқли ёки божхона маъмуриятлари томонидан ундириладиган божхона божлари, солиқлар ҳамда бошқа тўловлар билан боғлиқ, шу жумладан компенсация ва антидемпинг божлари ёхуд божхона маъмуриятлари томонидан қўлланиладиган чеклаш, таъқиқ қўйиш ёки назорат қилиш бўйича чоралар билан боғлиқ божхона тартибларига тааллуқли номатив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланадиган қоидалар;
  2. "божхона қонунчилигини бузиш" атамаси: божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ёки бузишга уриниш;
  3. “божхона органлари” атамаси:

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати учун – Давлат божхона қўмитаси;

Саудия Арабистони ПодшоҳлигиҲукумати учун, Закот, солиқ ва божхона маъмурияти;

  1. “Шахс” атамаси: ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахс;
  2. "маълумот" атамаси: ҳар қандай маълумотлар, ҳужжатлар, ҳисоботлар, уларнинг тасдиқланган нусхалари ёки бошқа божхона маълумотлари, шу жумладан электрон нусхалари;
  3. "Таҳлил" атамаси: божхона қоидабузарлиги тўғрисида далилларни олиш учун қайта ишланган ёки таҳлил қилинган маълумотлар.
  4. “сўраётган маъмурият” ёки “сўраётган Томон” атамаси: ёрдам сўраган божхона маъмурияти ёки Томон; ва
  5. “сўралаётган маъмурият” ёки “сўралаётган Томон” атамаси: ёрдам сўралаётган божхона маъмурияти ёки Томон.

2-модда. Битимнинг қўлланилиш доираси

 1. Томонлар ўз божхона органлари орқали бир-бирларига мазкур Битимда белгиланган қоидаларга мувофиқ Томонлар давлатларининг божхона қонунчилигини тўғри қўллаш, божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, тергов қилиш ва уларга чек қўйиш ҳамда божхона ахборотлаштиришни рағбатлантириш учун ёрдам кўрсатадилар.2. Мазкур Битим бўйича Томонлар кўрсатиладиган ҳар қандай ёрдам Томон давлатининг ҳудудида амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ва унинг ваколатлари ва мавжуд ресурслари доирасида амалга оширилади. 

3-модда.  Ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам шакллари

 Томонлар илтимосига биноан ёки ўз ташаббуси билан қуйидагиларни амалга оширадилар:1.   Томонлар давлатларининг божхона қонунчилиги ва божхона ҳуқуқбузарликлари билан боғлиқ тартиб-қоидалар тўғрисидаги барча мавжуд маълумотларни, шунингдек, ушбу Битим қоидаларига мувофиқ, зарур бўлган барча маълумотларни бир-бирларига тақдим этишлари.2.   Ўз фаолияти билан боғлиқ экспертиза ва ҳуқуқбузарликларни содир этишнинг янги тенденциялари, воситалари ёки усуллари тўғрисидаги маълумотлар билан алмашиш.3.   Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига киритилган муҳим ўзгартиришлар, назорат қилиш техникаси ва қўллаш усуллари тўғрисидаги маълумотларни бир-бирига етказиш, шунингдек умумий манфаатдор бўлган бошқа масалаларни муҳокама қилиш.4.   Текширишнинг техник воситаларидан фойдаланиш бўйича маълумот ва тажриба алмашиш.5.   Мутахассислар алмашинуви ва божхона таълими соҳасида, жумладан, хизмат итларини ўргатиш дастурини ишлаб чиқиш, интеллектуал мулк ҳуқуқини (ИМҲ) ҳимоя қилиш, божхона аудити, хавфсизлик технологиялари, импорт ва экспорт тартиблари, хавфни бошқариш ва инфратузилма соҳасида ҳамкорлик қилиш. 

4-модда. Товарларниг ноқонуний айланмасига қарши ҳаракатлар

Томонлардан бири бошқа Томонга сўров бўйича ёки ўз ташаббуси билан қуйидаги маълумотларни тақдим этади:1.   Томонлар давлатларининг божхона ҳудудига олиб кирилаётган товарлар унинг божхона ҳудудидан қонуний равишда олиб чиқиб кетилганми; ва2.   бошқа Томонн давлатининг бжхона ҳудудидан олиб чиқилаётган товарлар унинг божхона ҳудудига қонуний равишда киритилганми ёки йўқми.

 5-модда. Бошқа фаолият ҳақида маълумот

 Томонлар сўров бўйича ёки ўз ташаббуси билан маълумот ва ахборотларни тақдим этадилар ҳамда қуйидагилар устидан кузатув олиб борадилар:

  1. божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги маълум бўлган ёки содир этганликда гумон қилинаётган шахсларнинг, хусусан, ушбу Томон давлатиниг ҳудудига кириб ва ундан чиқиб кетаётган шахсларнинг ҳаракатланиши;
  2. бошқа Томон давлатиниг божхона ҳудудига ноқонуний олиб ўтишда гумон қилинганлиги тўғрисида хабар берган товарларни ташиш ёки сақлаш босқичида олиб ўтиш;
  3. Томонлар давлатларининг божхона ҳудудида божхона ҳуқуқбузарликларини содир этиш учун фойдаланилган ёки фойдаланилишида гумон қилинаётган транспорт воситалари; ва
  4. Томонлар давлатларининг божхона ҳудудида ёки Томонлардан бирида божхона ҳуқуқбузарликларини содир этишда фойдаланилган ёки фойдаланилганда гумон қилинган бинолар.

 6-модда. Маълумот алмашиш 

  1. Томонлар ўз ташаббуси билан ёки сўров бўйича бир-бирларига Томонлар давлатларининг ҳудудида амалдаги божхона қонунчилигининг бузилишини ташкил этувчи ёки ташкил этиши мумкин бўлган содир этилган ёки мўлжалланган фаолият тўғрисидаги барча маълумотларни тақдим этадилар.
  2. Томонлар ҳар бир давлатнинг иқтисодиёти, соғлиғи, жамоат хавфсизлиги ёки бошқа ҳаётий манфаатларига зарар этказиши мумкин бўлган ҳолларда маълумот ва таҳлил маълумотларини тақдим этиш учун имкон қадар чоралар кўради.

7-модда. Божхона ҳужжатлари 

  1. Миллий қонунчиликдаги чекловларни ҳисобга олган ҳолда, ҳар бир Томон бошқа Томонга дастлабки ҳисоботлар ва ҳужжатларни, шу жумладан электрон маълумотларни тақдим этади, бунда бошқа Томон томонидан суд ва тергов учун муҳим деб ҳисобланган ҳужжатларнинг асл нусхалари имкон қадар тезроқ қайтарилиши шарти билан.
  2. Ҳужжатларнинг асл нусхаларини топшириш мумкин бўлмаган ҳолларда ҳужжатлар ва бошқа материалларнинг тасдиқланган ёки тасдиқланган нусхалари юборилади.

8-модда. Экспертлар ва гувоҳлар 

Сўралаётган Томон сўровга кўра ўз мансабдор шахсларига божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги муносабати билан бошқа Томон давлатининг суд ёки маъмурий органи ҳузурида эксперт ёки гувоҳ сифатида иштирок этиш ҳуқуқини бериши мумкин.

9-модда. Товарларнинг ноқонуний айланиши тўғрисида маълумот 

Божхона маъмуриятлари ўз ташаббуси билан ёки сўров бўйича бир-бирига мўлжалланган ёки амалга оширилган, ноқонуний муомалага оид Томонлар давлатларининг божхона қонунчилигига зид бўлган ёки ҳуқуқбузарликни ташкил этиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракат тўғрисида барча тегишли маълумотларни тақдим этадилар:

  • қуроллар, ўқ-дрилар, портловчи ёки ядровий материаллар;
  • муҳим тарихий, маданий ёки археологик аҳамиятга эга бўлган санъат асарлари;
  • гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг таркибида ишлатиладиган прекурсорлар ва заҳарли моддалар, шунингдек атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги учун хавфли моддалар; ва
  • контрафакт ва қалбаки маҳсулотлар.

10-модда. Ёрдам сўровининг шакли ва мазмуни 

  1. Мазкур Битим бўйича ёрдам сўровлари ёзма равишда амалга оширилади. Сўров амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлар илова қилиниши керак. Сўров зарурат туғилганда ёки кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда, агар у кейинчалик ёзма равишда тасдиқланган бўлса, оғзаки қабул қилиниши мумкин.
  2. Ушбу модданинг 1-бандига мувофиқ, берилган сўров қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:
  3. сўров юборган ташкилотнинг номи;
  4. амалга оширилиши сўралаётган чоралар;
  5. сўровнинг мавзуси ва сабаби;
  6. бошқа тегишли қоидалар ва ҳужжатлар;
  7. тегишли шахсларнинг, агар маълум бўлса, иложи борича аниқ ва ҳар томонлама тавсифлари.
  8. Сўров сўралаётган Томоннинг расмий тилида ёки инглиз тилида юборилади.
  9. Агар сўров ушбу моддада назарда тутилган шакл ва мазмунга тўлиқ мос келмаса, у тўлдирилиши ёки тузатилиши мумкин ва бу сўров бўйича кўриладиган эҳтиёт чораларига таъсир қилмаслиги керак.
  10. Ёрдам сўровларига жавоблар сўралаётган Томон давлатининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
  11. Томонлар мазкур Битим бўйича маълумотларни Томонлар томонидан ушбу мақсадлар учун тайинланган мансабдор шахсларига юборадилар, ҳамда ушбу Битимнинг 16-моддаси 1-бандига мувофиқ бундай мансабдор шахсларнинг исм-шарифлари рўйхатини тақдим этадилар.

11-модда. Сўровларни бажариш 

  1. Томонлар барча расмий чораларни, шу жумладан сўровларни бажариш учун зарур бўлган ҳар қандай қонуний чораларни кўрадилар.
  2. Ёрдам бериш тўғрисидаги сўровлар, агар сўралаётган Томоннинг қонун ҳужжатлари ва маъмурий тартиб-қоидаларига зид бўлмаса, сўралаётган Томон сўраган тартибда амалга оширилади.
  3. Сўралаётган Томоннинг сўровига кўра, сўралаётган Томон ўз ҳукумати мансабдор шахсларига эксперт сифатида ўз хулосаларини тақдим этиш, шунингдек, керак бўлганда, божхона масалаларига тааллуқли далилларни, шу жумладан товарларнинг таснифи, баҳоси ва келиб чиқиши масалалари бўйича қарашларини тақдим этиш ҳуқуқини бериши мумкин.
  4. Агар сўралаётган Томон сўровни қондириш учун тегишли орган бўлмаса, сўралаётган Томон сўровни тегишли органга юборади.

 12-модда. Божхона суриштирувлари 

  1. Томонлардан бири тайинлаган мансабдор шахслар бошқа Томоннинг рухсати билан ва унинг шартларини ҳисобга олган ҳолда божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликни тергов қилиш учун қуйидагиларни амалга ошириши мумкин:
  • божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга оид маълумотларни олиш учун сўралаётган Томон давлатининг ҳудудида ҳужжатлар, ёзувлар ва бошқа тегишли маълумотларни текшириш;
  • бундай божхона ҳуқуқбузарлигига оид ҳужжатлар, ёзувлар ва бошқа тегишли маълумотларнинг нусхаларини олиш;
  • сўралаётган Томонга тегишли бўлган ва сўралаётган томон ўз божхона ҳудудида ўтказаётган ҳар қандай текширувда иштирок этиш.
  1. Ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган мансабдор шахслар бошқа Томонлар давлатларининг божхона ҳудудида бўлиш вақтида ўзларининг расмий мақомларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишлари шарт.
  2. Мансабдор шахслар бошқа Томон давлатининг ҳудудида бўлганларида, агар улар содир этиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун жавобгар бўлсалар, ушбу Томоннинг божхона ходимларига унинг қоидаларига мувофиқ тақдим этилган ҳимоядан фойдаланадилар.

13-модда. Маълумотларнинг махфийлиги 

  1. Мазкур Битим бўйича ҳар қандай Томон томонидан олинган маълумотлар, ёзишмалар ва ҳужжатлар фақат ушбу Битим мақсадлари учун фойдаланилади. Уларни тақдим этувчи Томоннинг ёзма рухсатисиз бошқа мақсадларда узатиш ёки фойдаланиш мумкин эмас.
  2. Мазкур Битим бўйича ҳар қандай Томон томонидан исталган шаклда олинган сўровлар, маълумотлар, эксперт хулосалари ёки бошқа ёзишмалар Томонлар давлатларининг қонунчилигига мувофиқ ўхшаш маълумотларга нисбатан тақдим этилган бир хил ҳимояга эга бўлади.
  3. Агар мазкур Битим бўйича ҳар қандай Томон томонидан олинган маълумотлар жиноий иш юритиш учун зарур бўлса, у Томонлар давлатларининг амалдаги қонунчилигини ҳисобга олган ҳолда, жиноий ишлар бўйича ўзаро ёрдамга нисбатан қўлланиладиган қоидаларга мувофиқ сўралиши керак.

14-модда. Истиснолар 

  1. Ҳар қандай Томон қуйидаги ҳолларда ушбу Битимга мувофиқ ёрдам кўрсатишни тўлиқ ёки қисман рад этиши мумкин:
  • агар ёрдам сўровининг бажарилиши миллий суверенитети, хавфсизлик, жамоат тартибига ёки бошқа муҳим миллий манфаатларга зарар этказса;
  • агар ёрдам сўраш саноат, тижорат ёки касбий сирни ёки қонун ҳужжатлари билан қўриқланадиган бошқа сирни бузиш билан боғлиқ бўлса;
  • агар ёрдам сўраш божхонага оид бўлмаган масалалар билан боғлиқ бўлса; ёки
  • агар сўров сўраган Томон сўров юборсада, бундай ёрдам кўрсатишнинг имкони бўлмаса.
  1. Томон ёрдам кўрсатишни рад этиш ўрнига, ёрдам кўрсатиш учун муайян шартларни қўйиши мумкин, агар бошқа Томон қабул қилинган тақдирда уларга риоя қилиши шарт.
  2. Агар сўралаётган Томон ёрдам сўровини бажара олмаса, у бошқа Томонни кечиктирмасдан ёзма равишда, бунинг сабабларини тушунтириш билан хабардор қилади.

15-модда. Ваколатли иқтисодий оператор 

Божхона маъмуриятлари Ваколатли иқтисодий операторнинг амал қилишига тааллуқли қоидаларни келишиш учун бир-бири билан маслаҳатлашадилар.

 16-модда. Харажатлар 

Ҳар бир Томон ушбу Битимни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни ўз зиммасига олади. Агар сўровларни бажариш катта фавқулодда харажатларни талаб қилса, Томонлар сўровни бажариш шартларини, шунингдек харажатларни қоплаш усулларини аниқлаш учун бир-бири билан маслаҳатлашиши мумкин.

17-модда. Битимни амалга ошириш

  1. Мазкур Битимда назарда тутилган ҳамкорлик, агар улар ушбу Битимни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича батафсил келишувлар ва амалий чора-тадбирлар тўғрисида келишиб олсалар, бевосита Томонлар ўртасида амалга оширилади.
  1. Мазкур Битим мақсадларида божхона маъмуриятлари алоқа учун масъул бўлган мансабдор шахсларни тайинлайдилар ва ушбу шахсларнинг исм-шарифи, лавозими, почта манзили, телефон ва факс рақамлари, электрон почта манзили ёки бошқа алоқа воситалари кўрсатилган рўйхат билан алмашадилар. Томонлар юқорида кўрсатилган рўйхатдаги ҳар қандай ўзгартиришлар тўғрисида бир-бирларини хабардор қиладилар.

 18-модда. Ҳудудий қўлланилиши

 Мазкур Битим ҳар икки Томон давлатларининг божхона ҳудудларида қўлланилади.

19-модда. Якуний қоидалар 

  1. Мазкур Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари ҳақида сўнгги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан бошлаб кучга киради.
  2. Томонлар ўзаро келишувга кўра алоҳида баённомалар тузиш орқали мазкур Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиши мумкин. Улар ушбу модданинг 1-бандига мувофиқ кучга киради.
  3. Мазкур Битим номаълум муддатга тузилади ва амал қилиши Томонлардан бири бошқа томоннинг Битимни амал қилишини тугатиш нияти тўғрисидаги тегишли ёзма хабарномасини дипломатик каналлар орқали олган санадан бошлаб уч ойдан сўнг тугатилади.
  4. Мазкур Битим амал қилишининг тугатилиши у амал қилган пайтда бажарилиши бошланган ва унинг амал қилиши тугатилгунга қадар якунланмаган лойиҳалар бўйича Томонларнинг мажбуриятларига дахл қилмайди.
  5. Божхона органлари ушбу Битим қоидаларини амалга ошириш мақсадида қўшимча келишувлар ва баённомалар тузишлари мумкин.

Эр-Рияд шаҳрида 2022 йил, ҳижрий 1444 йил “17” августда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Талқин қилишда тафовутлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.

31.01.2023

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг