Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси билан Қирғистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўртасида ўзаро савдода товарлар олиб ўтиш бўйича маълумот алмашинуви тўғрисида”ги Баённома (2021, Март 11)
1312

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Қирғизистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўртасида ўзаро савдода товарлар олиб ўтиш бўйича маълумот алмашинуви тўғрисида

БАЁННОМА

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Қирғизистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, кейинги ўринларда Томонлар деб аталувчилар,

1994 йил 15 апрелда имзоланган Божхона ишларида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги Битим, шунингдек, 2000 йил 27 сентябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида божхона ишларида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга амал қилиб, Томонлар давлатларининг божхона расмийлаштируви, божхона божлари, солиқлар, йиғимлар ва бошқа тўловларни ундириш, Томонлар давлатларининг божхона чегаралари орқали товарларни олиб ўтишда божхона назоратини амалга ошириш жараёнида ишончли маълумотлар тақдим қилишга оид қонунчилигига риоя қилиш муҳимлигини тан олиб, Томонлар давлатлари ўртасида божхона соҳасида самарали ҳамкорлик қилиш ва ташқи савдо ҳажмини ошириш мақсадида, қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:

 

1-модда

Томонлар ўз давлатларининг қонунчилигига мувофиқ ўзаро савдода товарларни олиб ўтиш тўғрисида қуйидаги маълумотларни алмашадилар:

божхона режими/тартиб-таомилидан қатъий назар бир Томон давлати ҳудудидан бошқа Томон давлати ҳудудига олиб чиқилган товарлар;

божхона режими/тартиб-таомилидан қатъий назар бир Томон давлати ҳудудидан бошқа Томон давлати ҳудудига олиб кирилган товарлар.

 

2-модда

Маълумотлар, мазкур Баённома иловасига мувофиқ тузилиш
ва форматларда, божхона хизматларининг электрон почта манзилларига электрон парол билан ҳимояланган шаклда ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасидан кечиктирмасдан тақдим қилинади.

 

3-модда

Мазкур Баённомани қирғиз томонидан амалга оширишга ваколатли тузилма Қирғизистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат божхона хизмати ҳисобланади (кейинги ўринларда – ваколатли тузилма).

Ваколатли тузилма ва ўзбек томони ўз давлати марказий божхона органларининг мазкур Баённома қоидаларини амалга ошириш ва тўғридан-тўғри алоқа қилиш ваколатига эга бўлган таркибий тузилмалари ва мансабдор шахсларини белгилайдилар.

Ваколатли тузилма ва ўзбек томони масъул таркибий тузилмалар ва мансабдор шахслар рўйхатини алмашадилар ҳамда мазкур рўйхатдаги ўзгаришлар тўғрисида бир-бирларини хабардор қиладилар.

 

4-модда

Мазкур Баённомани ижро қилиш масалалари бўйича ёзишмалар рус тилида амалга оширилади.

Томонлар мазкур Баённомага асосан олинган маълумотлардан фақат божхона мақсадлари учун фойдаланиш мажбуриятини оладилар.

Бундай маълумотларни ҳар қандай бошқа мақсадларда бериш ёки фойдаланиш фақат уларни тақдим қилган Томоннинг ёзма розилиги асосида амалга оширилиши мумкин.

Томонлар мазкур Баённома доирасида олинган маълумотларнинг махфийлигини ўз давлатининг қонунчилигига мувофиқ таъминлайдилар.

Мазкур Баённоманинг унинг доирасида муқаддам олинган ахборотларни махфийлигини таъминлаш билан боғлиқ қоидалари, унинг амал қилиш тугатилган ҳолатларда ҳам ўз кучида қолади.

 

5-модда

Мазкур Баённома қоидаларини талқин қилиш ва қўллаш билан боғлиқ низолар ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар ва музокаралар орқали ҳал қилинади.

 

6-модда

Мазкур Баённома қоидалари Томонларнинг давлатлари иштирокчилар бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига тўсқинлик қилмайди.

 

7-модда

Томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ, мазкур Баённомага унинг ажралмас қисми ҳисобланувчи, алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

 

8-модда

Мазкур Баённома у имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва номуайян муддатга тузилади.

Мазкур Баённома бир Томоннинг бошқа Томондан уни амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида дипломатик каналлар орқали ёзма хабарнома олингандан бошлаб 6 (олти) ойдан сўнг ўз кучини йўқотади.

 

Тошкент шаҳрида 2021 йил “11” Март 2021 йилда икки асл нусхада ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил юридик кучга эга. Мазкур Баённома қоидаларини қўллаш ва талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келганда, рус тилидаги матн устувор ҳисобланади.

11.03.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг