Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Божхона хизмати ўртасида давлат чегаралари орқали олиб ўтиладиган товарлар
ва транспорт воситалари ҳақида олдиндан бериладиган ахборот алмашинувини ташкил қилиш тўғрисида
БАЁННОМА
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Божхона хизмати (кейинги ўринларда –Томонлар),
Томонларнинг давлат чегаралари орқали олиб ўтиладиган товар ва транспорт воситалари устидан божхона назорати самарадорлигини ошириш заруриятини тан олиб (кейинги ўринларда – давлат чегаралари),
Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида савдода қулай муҳит яратиш мақсадида,
божхона маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш ва божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситаларини ҳам улар олиб кириладиган жойда ҳам Томонлар давлатларининг ҳудудларидаги божхона органларида божхона расмийлаштируви жараёнини тезлаштириш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар доимий равишда, бир Томон давлати ҳудудидан олиб чиқиб кетилаётган товарлар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви жараёнида олинган маълумотлар билан (кейинги ўринларда – олдиндан бериладиган ахборот), башарти товарлар келиб тушадиган жой ёки транзит йўналиши бошқа Томон давлати ҳудудида жойлашган бўлса, улар товарлар келиб тушадиган ёки транзит йўналиши жойлашган бошқа Томон божхона ҳудудини кесиб ўтишидан камида 2 (икки) соат олдин ҳамда бошқа Томон давлати ҳудудига товарлар ва транспорт воситаларини олиб кириш жараёнида олинган маълумотлар билан (кейинги ўринларда – олиб кириш тўғрисидаги маълумотлар) алмашишни ташкил қиладилар ва амалга оширадилар.
Олиб кириш тўғрисида олдиндан бериладиган ахборот ва маълумотлар белгиланган электрон ҳужжатлар шаклида Томонлар ахборот алмашишнинг биргаликда келишган Техник шартларида тақдим қилинади.
Ахборот алмашиш Томонлар ўртасида уларнинг ваколатлари доирасида рус тилида амалга оширилади.
Бунда ҳар бир Томон ўз давлатининг қонунчилигига мувофиқ ҳаракатланади.
2-модда
Томонлар хавфларни бошқариш ва таҳлил усулларини қўллаган ҳолда, олдиндан бериладиган ахборотлар ва олиб кириш тўғрисидаги маълумотлардан, божхона чегаралари орқали олиб ўтиладиган товарлар
ва транспорт воситаларининг божхона назоратини амалга ошириш жараёнида фойдаланадилар.
3-модда
Мазкур Баённома доирасида олинган ахборот махфий ҳисобланиб, улардан фақат божхона мақсадларида фойдаланилиши мумкин.
Улардан бошқа мақсадларда фақат мазкур ахборотларни тақдим қилган Томоннинг ёзма розилиги билан фойдаланиш мумкин.
Томонлар давлатларининг қонунчилигига мувофиқ, мазкур Баённома доирасида олинган ахборотнинг махфийлигини таъминлайдилар.
4-модда
Ҳар бир Томон олиб кириш тўғрисидаги маълумотларни, ахборот алмашишнинг келишилган техник шартлари асосида, товарлар эркин муомалага чиқарилгандан сўнг камида 2 (икки) соат олдин тақдим қиладилар.
Олдиндан бериладиган ахборотни мажбурий тартибда тақдим қилиш қуйидагиларга нисбатан тадбиқ қилинмайди:
жисмоний шахслар томонидан олиб ўтиладиган шахсий мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган товарлар ва транспорт воситаларига;
халқаро почта жўнатмалари орқали жўнатиладиган товарларга;
алоҳида тоифадаги хорижий шахслар томонидан олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситаларига;
табиий офатлар, авариялар ва ҳалокатлар оқибатларини бартараф қилиш мақсадида олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситаларига.
5-модда
Томонлар олдиндан бериладиган ахборот ва олиб кириш тўғрисидаги маълумотлар билан алмашиш натижасида олинган маълумотларнинг ишончсизлиги аниқланган ҳар қандай ҳолатлар тўғрисида бир-бирларини хабардор қиладилар.
6-модда
Томонлар қуйидагилар учун масъул бўлган мансабдор шахслар рўйхати ва Томонлар давлатининг божхона органлари марказий аппаратларининг ташкилий тузилмалари тўғрисида бир-бирларини хабардор қиладилар:
божхона чегаралари орқали олиб ўтиладиган товарлар тўғрисида олдиндан ахборот алмашишнинг техник шартларини ишлаб чиқиш
ва келишиш;
олиб кириш тўғрисида маълумот ва олдиндан ахборот алмашишда маълумотлар таркибини аниқлаш, шунингдек, зарур классификаторларни ишлаб чиқиш ва келишиш;
олиб кириш тўғрисида маълумот ва олдиндан бериладиган ахборотни аниқ партиядаги товарлар ва (ёки) аниқ транспорт воситаларига боғлаш мақсадида, товар ва транспорт воситаларини идентификация қилиш усулларини келишиш;
мазкур Баённома қоидаларини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш.
7-модда
Томонлар мазкур Баённомани амалга ошириш мақсадида олдиндан ахборот ва олиб кириш тўғрисидаги маълумотлар алмашиш технологияларини ишлаб чиқиш учун эксперимент ташкил қиладилар
ва амалга оширадилар (кейинги ўринларда – синов варианти).
Томонлар маълумотларни юбориш учун мўлжалланган асосий технологик тамойиллар, маълумотларни юбориш учун мўлжалланган таркиб ва рўйхат, олдиндан бериладиган ахборот ва олиб кириш тўғрисида маълумотларни тақдим қилишнинг тартиби, маълумотлар тузилиши ва формати, олдиндан бериладиган ахборот ва олиб кириш тўғрисида маълумотларни ҳимоя қилишдаги талаблар, аниқ товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида олдиндан бериладиган ахборот ва олиб кириш тўғрисида маълумотларни идентификация қилиш тартиби, синов вариантида иштирок этадиган Томонлар давлатларининг божхона органлари рўйхати, шунингдек, синов вариантининг бошланиш вақти ва зарур тадбирларни амалга ошириш муддатларини келишадилар.
Мазкур моддада кўрсатилган масалалар келишилгандан сўнг, Томонлар зарур ташкилий ва техник тадбирларни амалга оширадилар ва синов вариантини бошлашга тайёрликлари тўғрисида бир-бирларини ёзма равишда хабардор қиладилар.
Олдиндан бериладиган ахборот ва олиб кириш тўғрисида маълумотларни алмашиш бўйича синов варианти олти ойгача бўлган муддатда амалга оширилади.
Томонларнинг ёзма розилиги асосида синов варианти узайтирилиши мумкин.
8-модда
Томонлар доимий равишда ўтказилган синов варианти натижалари бўйича олдиндан бериладиган ахборот ва олиб кириш тўғрисида маълумотлар алмашишни ташкил қилиш тўғрисида қарор қабул қиладилар.
9-модда
Томонлар мазкур Баённомани амалга ошириш мақсадида маслаҳатлашувлар ўтказадилар ва лойиҳа ҳужжатидан олдиндан бериладиган ахборот ва олиб кириш тўғрисидаги маълумотларни алмашиш учун зарур бўлган ахборот-маълумот тусидаги материалларни бепул тақдим этадилар.
10-модда
Томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ мазкур Баённомага, унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ва мазкур Баённоманинг 12-моддасида кўрсатилган тартибда кучга кирадиган, алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
11-модда
Мазкур Баённома қоидаларини қўллаш ёки талқин қилиш юзасидан келиб чиқадиган ҳар қандай низо ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида музокара ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал қилинади.
12-модда
Мазкур Баённома имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва беш йил давомида амал қилади. Мазкур муддатнинг тугаши билан унинг амал қилиши кейинги беш йиллик муддатларга узайтирилади.
Томонларнинг ҳар бири навбатдаги муддат тугашидан камида 6 ой олдин мазкур Баённома амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томонга ёзма хабарнома юбориш орқали унинг амал қилишини тугатиш ҳуқуқига эга.
Тошкент шаҳрида 2019 йил 21 ноябрда, икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, тожик ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Баённома қоидаларини талқин қилишда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
9.12.2019