Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона тўловлари ставкалари ва онлайн тўлов
34408

БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИ СТАВКАЛАРИ

БОЖХОНА БОЖИ - Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 29 июндаги ПҚ-3818-сон қарори

АКЦИЗ СОЛИҒИ - Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 29 июндаги ПҚ-3818-сон қарори.

ҚЎШИЛГАН ҚИЙМАТ СОЛИҒИ - Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 26 сентябрдаги ПФ-5837-сон Фармонига асосан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш айланмасига 15 % 

Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 206-моддасига биноан, товарларни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи солинадиган базага товарларнинг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган божхона қиймати, шунингдек Ўзбекистон Республикасига товарларни импорт қилишда тўланиши лозим бўлган акциз солиғининг, божхона божларининг суммалари киради. 


БОЖХОНА ЙИҒИМЛАРИ

Божхона йиғимлари ставкалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги “Божхона йиғимлари ставкалари тўғрисида”ги 700-сон қарори билан тасдиқланган.


ОНЛАЙН ТЎЛОВ

Эндиликда божхона тўловларини онлайн усулда тўлашингиз мумкин!

Хизматдан UZCARD онлайн пластик карталари эгалари фойдаланишлари мумкин.

M-Bank онлайн тўловлар тизимига ўтиш

Upay онлайн тўловлар тизимига ўтиш

Payme онлайн тўловлар тизимига ўтиш

Uzcard онлайн тўловлар тизимига ўтиш  

Click онлайн тўловлар тизимига ўтиш


Умумий тушунчалар

Товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда ва Божхона кодексида назарда тутилган бошқа ҳолларда қуйидаги божхона тўловлари тўланади:

божхона божи;

қўшилган қиймат солиғи;

акциз солиғи;

божхона йиғимлари.

Қонун ҳужжатларида бошқа божхона тўловлари ҳам белгиланиши мумкин.

Божхона божларининг ва солиқларнинг ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Божхона божларига импорт, экспорт, алоҳида (махсус, антидемпинг ва компенсация) ва мавсумий божхона божлари киради.

Импорт божхона божи товар божхона ҳудудига олиб кирилаётганда тўланади.

Экспорт божхона божи товар божхона ҳудудидан олиб чиқилаётганда тўланади.

Алоҳида (махсус, антидемпинг ва компенсация) божхона божлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қўлланилади.

Мавсумий божхона божлари товарларни божхона ҳудудига олиб кириш ва божхона ҳудудидан олиб чиқишни тезкор тартибга солиб туриш учун қўлланилади. Бунда бож тарифида назарда тутилган божхона божларининг ставкалари қўлланилмайди. Мавсумий божхона божларининг амал қилиш муддати улар белгиланган пайтдан эътиборан олти ойдан ошмаслиги керак.

Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларга солиқ ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи солинади.

Божхона органлари томонидан қуйидаги ҳаракатлар ёки тартиб-таомиллар бажарилганлиги учун божхона йиғимлари ундирилади:

божхона расмийлаштируви;

божхона расмийлаштируви учун белгиланган жойлардан ташқаридаги ва (ёки) божхона органларининг иш вақтидан ташқари вақтдаги божхона расмийлаштируви;

товарларни божхона органи эгалигидаги божхона омборида сақлаш;

транспорт воситасини божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш;

дастлабки қарорни қабул қилиш;

товарларни божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлашга, товарларни божхона ҳудудида қайта ишлашга рухсатномалар бериш;

божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисни ўқитиш;

божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг малака аттестатини бериш, ушбу аттестатни қайта рўйхатдан ўтказиш (унинг амал қилиш муддатини узайтириш) ва унинг амал қилишини тиклаш;

интеллектуал мулк объектларини Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига киритиш;

юридик шахслар томонидан олиб кириладиган нақд чет эл валютасининг божхона расмийлаштируви.

Божхона йиғимларининг ставкалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Бож тарифи божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига мувофиқ тизимлаштирилган товарларга нисбатан қўлланиладиган божхона божлари ставкаларининг жамланмасидир.

Ташқи савдо сиёсатини амалга оширишда товарларнинг айрим турлари учун тариф квоталари жорий этилиши мумкин.

Тариф квотаси муайян даврда товарнинг муайян миқдорини олиб кириш ва олиб чиқишда божхона божининг бож тарифига мувофиқ қўлланиладиган ставкасига нисбатан пастроқ божхона божи ставкалари қўлланилишини назарда тутувчи, товарларни божхона ҳудудига олиб кириш ва ундан олиб чиқишда бож тарифини тартибга солувчи чорадир.

Белгиланган миқдордан (квотадан) ортиқ миқдорда божхона ҳудудига олиб кириладиган ва бу ҳудуддан олиб чиқиладиган товарларга божхона божининг бож тарифига мувофиқ ставкаси қўлланилади.

Тариф квоталари, уларни ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ўртасида тақсимлаш усуллари ва тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

Божхона тўловлари ставкаларининг турлари қуйидагилардан иборат:

тўлов ундириладиган товарнинг божхона қийматига нисбатан фоизларда ҳисобланадиган адвалор ставка;

тўлов ундириладиган товар бирлиги учун белгиланган миқдорда ҳисобланадиган хос ставка;

божхона тўловлари ставкаларининг адвалор ва хос турларини ўз ичига оладиган аралаш ставка.

Адвалор ставка белгиланган товар бўйича божхона тўловларининг суммаси божхона тўловлари адвалор ставкасининг товарнинг божхона қийматига кўпайтмаси сифатида ҳисоблаб чиқарилади.

Хос ставка белгиланган товар бўйича божхона тўловларининг суммаси божхона тўловларининг хос ставкасининг товар миқдорига кўпайтмаси сифатида ҳисоблаб чиқарилади.

Божхона қийматига нисбатан фоизлардаги аралаш ставка қўлланилган, лекин тўлов ундириладиган товар бирлиги учун белгиланган ставкадан кам бўлмаган ҳолда қўлланилган тақдирда, божхона тўловларининг суммаси адвалор ва хос ставкалар бўйича ҳисоблаб чиқарилган суммаларнинг энг кўпига тенгдир.

Божхона қийматига нисбатан фоизлардаги аралаш ставка ва тўлов ундириладиган товар бирлиги учун белгиланган ставка қўлланилган тақдирда божхона тўловларининг суммаси божхона тўловларининг адвалор ва хос ставкалари бўйича ҳисоблаб чиқарилган сумма йиғиндисига тенгдир.

3.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг