Tadbirkorlar va TIF
ishtirokchilari uchun doimiy
ishonch telefoni
11-08
Ravshan Qodirov
1053

Равшан Қодиров 1969 йил 16 апрелда Самарқанд вилояти Тайлоқ туманида Сочак қишлоғида туғилган. 1986 йилда тумандаги 26-мактабни битирган.

1987-1989 йилларда Афғонистон Республикаси ва Тошкент вилоятида ҳарбий хизматда бўлган. 1993 йилда Термиз божхона хизматига ишга қабул қилинган.

1994 йилнинг 3 февраль куни Равшан Қодиров божхона постида ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида жиноятчиларга қарши курашда ҳалок бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1995 йилда 30 августдаги Фармонига асосан ҳар бир бурчини бажариш, республикада миллий хавфсизликни таъминлаш ва жамоат тартибини муҳофаза қилиш чоғида жасурлик ва матонат кўрсатгани учун Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси кичик инспектори Равшан Қодиров вафотидан сўнг “Жасорат” медали билан тақдирланган.

Болалигидан мард ва жасур бўлиб улғайган Равшаннинг мустақил ҳаёти оғир синовлар билан бошланди. Мактабни битиргач, муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун ўша пайтда жанг майдонига айланган Афғонистонга юборилди. Қонли тўқнашувларда иштирок этиб, ярадор бўлди. Соғайиб хизматни давом эттирган Р.Қодиров энг сўнгги ҳарбий қисмлар таркибида Ўзбекистонга қайтди.

- Табиатан очиқкўнгил, бироқ юз-кўзида жиддийлик, қатъият акс этиб турган Равшан жамоамизга жуда маъқул тушди, - деб эслайди бошқарманинг ўша пайтдаги кадрлар бўлими бошлиғи Бўри Каримов. – Хизмат даврида ижобий тавсиянома олган, бир неча бор мукофотланган. Уни ҳеч иккиланмасдан ишга қабул қилишга қарор қилдик.

90-йилларнинг бошида қўшни давлатлардаги нотинч вазият мамлакатимиз сарҳадларида хизмат қилаётган божхоначилар ишини ҳам анча қийинлатириш қўйди. Бундай вазиятда қандай йўл тутиш, ўз вазифасига қанчалик масъулият билан ёндошиш зарурлигини англаган Равшан Қодиров бошқа сафдошлари қатори юртимизга бўладиган ҳар қандай хавф-хатарни қайтариш учун кўксини қалқон қилишга тайёр эди. Шундай бўлди ҳам!

1994 йилнинг 3 февралида Равшан ўз иш кунини одатдагидек қўшни мамлакат чегара ҳудудидан мамлакатимизга кириб келаётган транспорт воситаларини кўздан кечириш, улардаги юкларни, тегишли ҳужжатларни текширишдан бошлайди. Божхона пости томон ҳаракатланиб келаётган “ЗИЛ” автомобили тўхтатилганда. Унга бензин юклангани маълум бўлди. Божхоначилар ҳужжатларни кўрсатишдан сўрайди.-

- Ҳужжатлар мендамас, ортимдан келаётган машинадаги одамларда. Кутамиз, - деб жавоб беради ҳайдовчи.

Айтилган одамлар етиб келиб, улардан бири ҳайдовчидан нима гаплигини сўрайди.

- Ҳужжатларим йўқлиги учун ушлаб туришибди, - дейди ҳайдовчи.

- Бўлмаса бўлмапти-да, ҳужжатларда ҳам кетаверамиз, ҳайда, - деб бақиради нотаниш кимса буйруқ оҳангида.

- Ҳужжатсиз ўтмайсизлар! – дейди божхоначи.

Ҳайдовчи шу заҳоти машинани ҳаракатга келтиради. Уни тўхтатиш учун Равшан машина кабинасига ўзини уради. Жиноятчилар унга қарата ўқ узиши оқибатида вафот этади.

Оддий ишчи Пўлат Қодиров ва уй бекаси Хадича Шарипова хонадонида улғайган етти фарзанднинг бири – Равшан ҳам оиладаги яхши тарбия натижасида қунт билан ўқиб-ўрганди, ота-онаси, элу юрт ишончини оқлаш учун астойдил интилди.

Равшан ваъдасига вафодор ва масъулиятли инсон эди. Ўзи билан бир бир мактабда ўқиган Мавлуда билан аҳду паймон қилиб, соф муҳаббатига содиқ қолиб, ҳарбий хизматни ўтаб келгач, улар оила қуришди.

- Мен турмуш ўртоғимни никоҳдан ўтишимиздан аввал ҳам билардим, - дейди Мавлуда. – У киши жуда вазмин, меҳрибон, бирор ишни бошласа охирига етказмасдан қўймайдиган, масъулиятли, одамларга қўлидан келганча яхшилик қиладиган, фарзандига меҳрибон эдилар.

- Равшан менинг энг яқин ўртоғим эди, - дейди синфдош дўсти Фурқат Ҳақбердиев. – Мактабда у ўз билими ва ўткирзеҳни билан бошқа болалардан ажралиб туради. Барчамиз унга ҳавас қилардик. Ҳеч кимдан ёрдамини аямас эди.

Равшан Қодиров вафотидан сўнг дунёга келган фарзанди Ёдгор Қодиров улғайиб ота касбини танлади. У Давлат божхона қўмитасининг Олий ҳарбий божхона институтида (ҳозирги Божхона институти) таҳсил олди. Ҳозир Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг “Улуғбек” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида инспектор лавозимида хизмат қилмоқда.

Ватан олдидаги фарзандлик бурчи ва қасамёдга содиқлик каби муқаддас тушунчалар борки, улар одамни ҳеч иккиланмай жасорат ва мардлик кўрсатишга ундайди. Бундай олийжаноб туйғуларни қалбида сақлаб, уларга амал қилиб яшаб ўтган Равшан Қодировдек жонфидолар хотираси мангуликка дахлдир.

1.12.2019

Eshitish uchun matnni belgilang va ushbu tugmani bosing