Orphus tizimi

Тезкор хабарлар

“Яшил йўлак” – қонунбузарликларни яширмайди

“Яшил йўлак” – қонунбузарликларни яширмайди

“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” ижроси доирасида божхона органларига жисмоний шахслар учун божхона ҳудудига кириб келиш ва уни тарк этиш бўйича “яшил” ва “қизил” йўлак тизимини амалиётга татбиқ этиш юзасидан берилган топшириқлар амалда жорий йилнинг 1 январидан бошлаб ўз тасдиғини топди.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” 2017 йилнинг 11 октябрдаги 814-сон қарори муҳим аҳамият касб этди.

Мазкур қарор ижроси доирасида Самарқанд халқаро аэропортида ҳам 2018 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар учун божхона ҳудудига кириб келиш ва уни тарк этиш бўйича “яшил” ва “қизил” йўлак тизими жорий этилди.

Бунда энг аввало фуқаролар ва хорижий меҳмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, улар учун божхона расмийлаштирувидан ўтказиш жараёнларини янада соддалаштириш ва тезлаштириш кўзланган эди-ки, амалда бу мақсадга эришилмоқда ҳам.

Самарқанд халқаро аэропорти орқали жорий йилнинг 6 ойи давомида жами 150 357 дан ортиқ йўловчилар ҳаракатланган. Шундан 145 359 нафар, яъни 96 фоиздан ортиқ йўловчи “яшил” йўлак орқали ўтган. 4 998 нафар, яъни 4 фоиз йўловчи эса “қизил” йўлакдан ҳаракатланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5414-сон Фармонида божхона назоратини амалга оширишнинг замонавий шакллари, услублари ва техник воситаларини татбиқ этиш ҳисобига Давлат чегара ўтказиш пунктларида божхона тартиб-таомилларини амалга оширишнинг давомийлигини қисқартириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.

Бунинг натижасида “яшил йўлак” жорий этилмасдан олдин Ўзбекистон Республикасига кириб келишда йўловчига божхона назоратидан ўтиш учун ўртача 2 соатгача вақт сарфланган бўлса, эндиликда ўртача 30 дақиқадан 1 соатгача вақт ичида йўловчилар чегара ва божхона назоратини тарк этишмоқда.

Афсуски, айрим йўловчилар томонидан яратилган ушбу имкониятлар суистеъмол қилиниб, божхона қоидаларини бузиш ҳолатлари учраб турибди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 162-моддасида жисмоний шахснинг яшил йўлакдан ўтиши божхона қонунчилиги талабларига риоя этиш мажбуриятидан озод этилмаслиги аниқ белгилаб қўйилган.

“Самарқанд аэропорт” чегара божхона пости томонидан 2018 йилнинг шу кунига қадар жами 102 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича 426,9 млн. сўмлик товар-моддий қимматликлар ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган. Эътиборлиси шундаки, ушбу ҳуқуқбузарликларнинг барчаси айнан “яшил йўлак”ни танлаган йўловчилар томонидан содир этилган.

Аниқланган ҳуқуқбузарликдан 4 таси – вояга етмаган шахслар порнографияси ҳамда таъқиқланган диний ақидапарастлик мазмунидаги материлларни Республика ҳудудига олиб ўтишга уриниш холатларини ташкил этиб, мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди.

Шунингдек, 8 та холатда 577,22 грамм заргарлик буюмлари, 9 та холатда тиббий амалиётда фойдаланишга яроқсиз бўлган 1510 дона дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, 69 та холатда 8119 та порнографик мазмундаги ва шафқатсизликни тарғиб этувчи махсулотлар, 50 дона патрон гильзаларини ҳам айнан “яшил йўлак” ниқобида қонунга ҳилоф равишда олиб кирилишида фош этилган. Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона тартиб қоидаларини бузган шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида ишлар юритилган.

Халқимизда, “Дардни яширсанг, иситмаси ошкор қилар” – деган доно гап бор. Шундай экан яратилган имконият ва қулайликлардан тўғри фойдаланишимиз, қонунларни ҳурмат қилишимиз лозим бўлади.

Дарвоқе, ҳурматли фуқаролар шуни унутмангки, тадбиркорлар ва жисмоний шахслар иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Самақанд вилоят божхона бошқармасида 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” фаолият олиб бормоқда. “Ишонч телефони” орқали жисмоний ёки юридик шахслар божхона органлари ходимларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари ҳамда содир этилган ва содир этилаётган жиноятлар ҳақидаги маълумотларни, хабар, ариза, шикоят ва таклифлар кўринишида тақдим этишлари мумкин.

Самарқанд вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати


02.07.2018 119

Тадбиркорлар ва ТИФ иштирокчилари
учун доимий ишонч телефони

(8 371) 120-76-33

ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАРИ

ҲУДУДИЙ
БОШҚАРМАЛАР